Ўзбекистонда тоғ-кон саноати ва геология соҳасини ривожлантириш, соҳада шаффофликни таъминлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан очиқ мулоқот ва фикр алмашиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда, Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Исломов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти раҳбарлигидаги делегация ўртасида учрашув ўтказилди.
Учрашув чоғида меҳмонларга соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилаш, геология-қидирув ишларини фаоллаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Жумладан, “Қазиб олувчи тармоқларда ошкоралик ташаббуси” (EITI) доирасида олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистоннинг мазкур ташаббус доирасидаги иштироки, ҳисобдорлик ва очиқликни таъминлашга қаратилган режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир давомида вазирлик ва делегация аъзолари геология ва қазиб олиш соҳаларида шаффофликни кучайтириш, халқаро стандартларга мувофиқ фаолият юритиш, соҳани рақамлаштириш ва модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр алмашди.
Таъкидлаш жоиз, бундай учрашувлар халқаро тажриба билан танишиш, амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва миллий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Соҳадаги очиқлик ва самарали бошқарув тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА