Жиззах вилоятида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ташқи бозордаги рақобатбардошлигини ошириш ва божхонадаги муаммоларни самарали ҳал этиш мақсадида амалий чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Ана шундай ташаббуслар доирасида “Пахтакор Текс” МЧЖда Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ортиқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ сайёр учрашув ўтказди.

Трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган бу корхона 360 нафардан ортиқ аҳолини доимий иш ўрни билан таъминлаб келмоқда. 2025 йилнинг дастлабки ойларида 945 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, асосий йўналишлар сифатида Туркия, Хитой ва Россия танланган.

Шу билан бирга, корхона 15 миллион долларлик хомашё ва ускуналар импорт қилиб, 21 миллиард сўмлик божхона имтиёзларидан фойдаланган. Бу эса 2022 йил 25 апрелда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг самараси эканини яққол кўрсатади.
Фармонга мувофиқ, хомашёни маҳаллий ҳудудда қайта ишлаш, сўнг жаҳон бозорига тайёр маҳсулот сифатида чиқариш учун қатор енгиллик ва имтиёзлар жорий этилган. Бу тадбиркорлар учун янги иқтисодий наф келтирадиган муҳит яратди.

— Бугун “қайта ишлаш” божхона режими орқали маҳаллий саноатга ишонч бағишланмоқда, — дейди Фарҳод Ортиқов. — Бу режимнинг соддалаштирилиши ва имтиёзлар тизими фаол тадбиркорларимизнинг ташқи бозорга йўналишини осонлаштирмоқда. Бугунги учрашув орқали тадбиркорлар амалий маслаҳат олди, режаларини қайта кўриб чиқиш имкониятига эга бўлишди.

Учрашувда "қайта ишлаш" режими бўйича ҳуқуқий тушунчалар, имтиёзлардан тўғри фойдаланиш, ҳужжатлаштириш ва муддат масалалари юзасидан аниқ йўл-йўриқлар берилди. Бу каби очиқ мулоқотлар тадбиркорларнинг ишончини оширишда, муаммоларни жойида ҳал этишда муҳим восита бўлмоқда.
Жиззах тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш билан бирга, уни ташқи бозорга олиб чиқиш учун зарур ҳуқуқий ва иқтисодий шароитларни яратиш — барқарор иқтисодий ўсишнинг негизи ҳисобланади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири