
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Қатар Давлати Шўро Кенгаши раиси Ҳасан бин Абдуллоҳ ал-Ғоним бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов билан учрашди.
Учрашувда мамлакатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси, саъй-ҳаракатлари ва ўзаро дўстона муносабатлари натижасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, олий даражадаги фаол сиёсий мулоқотлар ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқаётгани юқори баҳоланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил октябрь ойида Қатарга амалга оширган давлат ташрифи ҳамда Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг 2023 йилда икки марта Ўзбекистонга қилган ташрифи давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётгани алоҳида қайд этилди.
Мулоқот давомида делегация аъзоларига янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Ўз навбатида, Қатар Давлати Шўро Кенгаши раиси икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.
Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзолангани, Самарқандда бўлиб ўтаётган“Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи саммити юқори баҳоланиб, қўллаб-қувватланди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда парламентлараро алоқаларни янги босқичга кўтариш, пaрлaмeнтлaрaрo дўстлик гуруҳлaри фaoлиятини янада жонлантириш лозимлиги қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА