Қатар, Миср ва Туркия Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатини АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо секторидаги вазиятни тартибга солиш режасини қабул қилишга чақирмоқда, деб ёзди "Axios (https://www.axios.com/2025/09/30/hamas-response-trump-gaza-plan-qatar-egypt-turkey)" портали музокарадан хабардор икки манбага таяниб.
Шу ҳафта Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ал-Таний ва Миср разведка бошқармаси бошлиғи Ҳасан Рашод Доҳада ҲАМАС етакчиларига Трамп режасини тақдим этди ва ҳужжатни маъқуллашга ундади. Манбага кўра, Ал-Таний бундан яхши келишувга эришиб бўлмаслигини маълум қилган ва Трамп ҳақиқатан урушни тугатиш ниятидалигига ишонч билдирган. Сешанба куни Ал-Таний ва Рашод ҲАМАС вакиллари билан, бу гал Туркия Миллий разведка бошқармаси бошлиғи Иброҳим Калин билан яна учрашган. Душанба куни Трамп Ғазодаги вазиятни ҳал қилиш бўйича 20 банддан иборат режани эълон қилди. Таклифда гаровга олинганларни 72 соат ичида озод қилиш шарти билан тезда ўт очишни тўхтатиш талаб қилинган.
Шунингдек, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ва бошқа гуруҳлар Ғазони бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этмаслигига рози бўлишлари кўзда тутилган. Сектор устидан назорат Трампнинг ўзи бошчилигидаги халқаро орган назорат қиладиган технократ ҳокимиятга топширилади.
С.Раҳимов, ЎзА