Бу ҳақда Қашқадарё вилоят судида ОАВ вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди.
Тадбир давомида вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов ва вилоят Маъмурий суди раиси Ғолибжон Давлатовнинг вилоят судларининг жорий йилнинг биринчи чораги давомидаги фаолияти таҳлили ҳамда соҳага оид муҳим ва долзарб масалаларга бағишланган маърузалари тингланди.
Таъкидланишича, ўтган давр мобайнида айрим жиноятларнинг модда кесимида ўсиши кузатилган. Масалан, ўғрилик (ЖКнинг 169-моддаси) жиноятлари 71 тага, қасддан баданга оғир ва ўртача оғирликда тан жароҳати етказиш (ЖК 104-105-моддалари) жиноятлари 25 тага, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш (ЖКнинг 266-моддаси) жиноятлари 22 тага, безорилик (ЖКнинг 277-моддаси) жинояти 12 тага, оилавий зўравонлик (ЖКнинг 1261-моддаси) жиноятлари 12 тага, гиёҳвандлик билан боғлиқ (ЖКнинг 270-276-моддалари) жиноятлар 8 тага, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ (ЖКнинг 122-моддаси) жиноятлар 8 тага, солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ (ЖКнинг 184-моддаси) жиноятлар 4 тага, босқинчилик билан боғлиқ (ЖКнинг 164-моддаси) жиноятлар 3 тага, одам савдоси (ЖКнинг 135-моддаси) жиноятлари 4 тага, қасддан одам ўлдириш (ЖКнинг 97-моддаси) жиноятлари 2 тага кўпайган.
Шунингдек вилоятдаги судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг ижроси аксарият ҳолатларда таъминланмасдан қолаётгани юзасидан ҳам маълумотлар улашилди.
Хусусан, бугунги кун ҳолатида вилоятдаги судлар томонидан чиқарилган жами 510 миллиард 120 миллион 846 минг 56 сўмлик 45 минг 109 та ёки 70,6 фоиз суд қарорларининг ижроси таъминланмаган.
Ижро тизими алоҳида тизим бўлгани боис вилоят суди раиси ушбу ҳолатга изоҳ бермади.
Шундан сўнг иштирокчилар жиноят ишлари бўйича Касби туман судига ташриф буюрди ва у ердаги иш жараёни, хусусан, тергов судяси фаолияти, девонхона, суд архиви, суд жараёни фаолияти кўздан кечирилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири