Мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик ва юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар асосида тарбиялаш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 ноябрдаги қарорига мувофиқ, барча туман ва шаҳарлардаги умумтаълим мактаблари негизида “Жасорат мактаблари” ташкил этилди.
Бу таълим муассасаларида тарих, математика, физика, она тили ва адабиёт, хорижий тиллар ҳамда жисмоний тарбия фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Уларнинг асосий мақсади ёш авлодни Ватанга садоқатли, билимли, маънавий етук ва жисмонан бақувват қилиб тарбиялашдир.
Куни кеча Шаҳрисабз шаҳридаги “Амир Темур” хиёбонида Қашқадарё вилоятидаги “Жасорат синфлари”нинг 416 нафар ўқувчиси Ватан олдида тантанали равишда ваъда берди. Улар икки босқичли – билим ва жисмоний тайёргарлик имтиҳонлари орқали саралаб олинган. Яъни, 1300 нафар тенгдошлари орасидан алоҳида шижоати ва қобилияти билан ажралиб чиққан ўғил-қизлар “Жасорат синфлари” сафига қўшилди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Улар ёшларга самимий тилаклар билдириб, келажакда Ватан равнақи йўлида хизмат қилиши учун илҳом бағишлади.
Масалан, вилоятнинг Касби туманидаги 16-сонли мактабда ҳам “Жасорат синфи” ташкил этилган. 68 нафар номзоддан 26 нафари саралаб олиниб, уларга олий тоифали ўқитувчилар томонидан асосий фанлар чуқур ўқитилмоқда. Шу билан бирга, “Робототехника ва келажак ўйинлари” тўгараклари фаолият кўрсатмоқда.
Мазкур синф замонавий жиҳозлар, гимнастика шаҳарчаси, тўсиқлар йўлаги, ўқ отиш майдони каби инфратузилмалар билан таъминланди. Бу эса ўқувчиларнинг ҳарбий-спорт машғулотларини самарали ўтказиши учун қулай имконият яратмоқда.
[gallery-25469]
Ёшларда ватанпарварлик – фуқаролик бурчи ва масъулият ҳиссини, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантирадиган муҳим восита. “Жасорат мактаблари” орқали ўғил-қизларимизда ана шу фазилатларнинг мустаҳкамланиши, уларнинг илмли, мард ва садоқатли авлод бўлиб улғайиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА