Ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талаб ва эҳтиёжни қондириш, аҳолига табиий газ етказиб бериш сифатини ошириш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш айни кундаги долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бу борада “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Бугунги кунда мамлакатимизда ёқилғи энергетика ресурсларига бўлган талаб ва эҳтиёжни ўсиб боришини инобатга олган ҳолда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, истеъмол маданиятини янада ошириш, табиий газдан мақсадли ва оқилона фойдаланиш мақсадида кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали директори Улуғбек Эрназаров. – Бугунги кунда истеъмолчиларга жорий йил бошидан 600 миллион куб метр табиий ҳамда 73 минг тонна суйилтирилган газ етказиб берилди. Шунингдек, истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китобларда инсон омилини чеклаш мақсадида вилоятдаги барча табиий газ истеъмолчилари АСКУГ тизими билан тўлиқ қамраб олинган.

Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида 790,6 мингта, шундан 200 мингта табиий ва 590 мингта суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд. Уларга куз-қиш мавсумида барқарор табиий газ етказиб бериш мақсадида 24,8 километр табиий газ тармоқлари ва 136 дона газ тақсимлаш қурилмалари мукаммал таъмирланиб, реконструкция қилинди. Шунингдек, 48,5 километр газ тармоқлари ҳаво босими ёрдамида тозаланди ҳамда ерости газ қувурларининг 388,6 километр қисми махсус ускуна ёрдамида текширилиб, 296,3 километр газ қувурлари бўёқланди. Натижада 27 минг 818 нафар аҳоли истеъмолчиларнинг табиий газ таъминоти яхшиланди.

Истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш ҳамда технологик йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида Қарши туманида замонавий газ тақсимлаш станциясининг фойдаланишга топширилгани имкониятларни кенгайтирди.
– Олдин бу ерда кичик станция мавжуд бўлиб, 14 минг аҳоли ҳамда 85 та улгуржи истеъмолчига бериладиган табиий газ истеъмоли ҳисоб китоби битта газ ҳисоблагич орқали амалга оширилган, – дейди Қарши туман газ таъминоти бўлими бош муҳандиси Асадулла Кубаев. – Бу эса кўплаб йўқотишларга сабаб бўлган. Янги станция орқали ҳудудларни алоҳида ҳисоб китоб қилиш имконияти яратилди. Ҳудудлар 8 та йирик тармоқларга ажратилиб, газ сарфи алоҳида ҳисоб китоб қилинадиган бўлди. Ҳар битта тармоқда газ сарфини ҳисоблаш ускуналари ҳамда тақсимлаш пунктлари мавжуд. Бунинг натижасида йўқотишларнинг олди олинди, бир меъёрдаги табиий газ таьминоти йўлга қўйилди.

Қарши туманидаги Кат маҳалласида бир неча йилдан буён табиий газ таъминотида муаммолар мавжуд эди. Бугунги кунда ҳудудга борувчи ер ости тармоғининг яроқсиз аҳволга келиб қолган қисми фойдаланишдан тўхтатилиб, ер устки қисмидан узунлиги 1 минг 110 метр янги газ қувури тортилди. Таъминот уч босқичдан икки босқичга ўтказилиб, ҳисоблагичлар ёнига босим ростлагич ўрнатилди. Натижада 425 та хонадоннинг табиий газ таъминоти яхшиланишига эришилди.
Шунингдек, Косон туманидаги Месит маҳалласида 523 та табиий газ истеъмолчилари мавжуд. Ҳудуд газ узатиш станциядан узоқ масофада жойлашганлиги ҳамда ер ости газ қувури яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги туфайли табиий газ таьминотида муаммолар юзага келаётган эди. Жорий йил 1 километр 800 метрлик газ қувури тортилди. Айни пайтда ушбу қувурни асосий тармоққа улаш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Яккабоғ туманида бунёд этилган Янги Ўзбекистон массивида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектлар тўлиқ газлаштирилиб, минг километрдан ортиқ газ қувурлари тортиб келинди.
Шунингдек, Қарши туманида қурилаётган Янги Ўзбекистон массивига ҳам 1,8 километр газ тармоғи тортилиб, 1 та юқори босимли газ тақсимлаш пункти бунёд этилди.
Яна бир эътиборли жиҳат, вилоятдаги 191,8 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари АСКУГ тизими билан тўлиқ қамраб олинди ва 88,9 минг турар жойларнинг газ таъминоти 2 босқичлига ўтказилиб, технологик йўқотишлар ҳажми 826,9 минг куб метрга қисқартирилди. 2025 йил январь-сентябрь ойлари давомида жами 62,4 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинди. Туман ва шаҳарлар 35 та йирик ҳудудларга ажратилиб, 61 та ҳисоблагич ва 61 та модем қурилмалари ўрнатилди ва “онлайн” мониторинг қилиш имкони яратилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири