Қашқадарёда ўтган йили 301 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди
Бу ҳақда “Қашқадарё сув таъминоти” АЖ томонидан ОАВ вакиллари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда 2025 йил давомида вилоятда ичимлик суви ва канализация хизматлари бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, ҳозирда вилоят аҳолисининг 61,2 фоизи ёки 2 миллион 227 минг нафардан ортиғи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Сўнгги етти йилда ушбу кўрсаткич 20,8 фоиздан 61,2 фоизга етказилиб, 1,2 миллион нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Сўнгги уч йилда барча дастурлар доирасида 1 триллион 63 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 3,5 минг километр ичимлик суви тармоқлари тортилди, 270 та иншоот қурилди ва реконструкция қилинди. Натижада 188 дан ортиқ маҳалладаги 301 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди.
2025 йилда режалаштирилган 18 та объектдан 5 таси фойдаланишга топширилиб, 146 километр тармоқ тортилиши таъминланди. Шу билан марказлашган ичимлик суви қамрови 59 фоиздан 61,2 фоизга етказилди.
[gallery-27466]
Анжуманда халқаро молия институтлари иштирокида Косон ва Муборак туманларида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган янги инфратузилма режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Ушбу лойиҳалар натижасида вилоятда ичимлик суви билан таъминланиш даражасини 84 фоизга етказиш кутилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари