Муротжон Азимов шаҳар (туман)лар ҳокимларининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчилари билан учрашди.
Вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Муротжон Азимов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда маслаҳатчиларга иш самарадорлиги ва хизмат сифатини ошириш, ортиқча харажатлар, “яширин” иқтисодиёт ва бюрократияни қисқартириш каби масалаларга сунъий интеллект орқали ечим топиш бўйича Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни масъулият билан бажариш топширилди.
Шунингдек, маслаҳатчилар ушбу вазифаларни масъулият билан бажариш, жумладан, рақамли тизимлар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш орқали мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз таклифларини тақдим этди.


***
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Германиянинг “Просика” ва “Мотиба” компаниялари вакилларини қабул қилиб, меҳнат миграцияси, таълим, тиббиёт ҳамда инвестиция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Германия билан тартибли меҳнат миграцияси йўналишида амалга оширилаётган лойиҳа республикада илк бор Қашқадарё вилоятида йўлга қўйилаётгани, бу борада ҳудудда кенг кўламли ташкилий ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Вилоят раҳбари немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш, ёшларни касб ва тилга ўқитиш, Германияда иш билан таъминлаш масалаларида Германия томони билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, лойиҳани узоқ муддатли ва барқарор амалга ошириш мақсадида махсус жамғарма ҳамда хусусий бандлик агентлигини ташкил этиш режалари маълум қилинди.
Учрашув якунида томонлар келгусида таълим, миграция, инвестиция, тиббиёт ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдириб, лойиҳа доирасида амалий ишларни жадаллаштириш бўйича келишиб олди.

***
Деҳқонобод туманининг Айридевол маҳалласида узоқ йиллар давомида фойдаланилмай келган 24 гектар ер майдонини суғориш суви билан таъминлаш бўйича муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 400 миллион сўм маблағ эвазига 400 куб метр сиғимга эга бўлган суғориш суви сақлашга мўлжалланган геомембрана иншооти қурилмоқда.
Ушбу лойиҳа натижасида 80 нафардан ортиқ фуқаролар деҳқон хўжалиги фаолиятини йўлга қўйиш имкониятига эга бўлиб, бу эса аҳолининг бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади. Туман ҳокими мазкур ҳудудда бўлиб, қурилиш ишлари бориши билан яқиндан танишди.



Ўрганиш жараёнида лойиҳа сифатини таъминлаш, белгиланган муддатларга қатъий риоя этиш ҳамда хавфсизлик талабларига амал қилиш юзасидан пудратчи ташкилот масъулларига аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири