Қарши шаҳрида бошланган ёшлар лойиҳаси – “Yammiy” 15 минг доллар миқдорида инвестиция жалб қилди.
“Yammiy” – сифатли ва мазали ширинликларни тезкор етказиб бериш платформаси. Маҳаллий кондитер маҳсулотлари тайёрловчилар билан бевосита ҳамкорлик қилиш, буюртмаларни ақлли бошқариш ҳамда ҳар бир мижозга шахсий ёндашув уларнинг муваффақиятлари калити.

“Startup Garage” эса ғояларни амалга ошириш учун кучли таянч. Бу ерда ёшлар фақат ғоя эмас, балки менторлик, техник қўллаб-қувватлаш ва амалий тажриба орқали ўз лойиҳаларини ривожлантириш имкониятига эга бўлади.

Бундай муваффақиятлар Президентимиз раҳбарлигида ёшларимизга яратилган имкониятлар, очиқ, инновацион ва қулай муҳитнинг бевосита натижаси.
“Startup Garage” лойиҳасининг Қарши филиали 2025 йилнинг 16 январида “Алоқабанк” биносида очилган эди.
***
Вилоят ҳокимлигида Қашқадарё вилоят фермерлари кенгашининг “Фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятни ривожлантириш муаммолари ва вазифалари” мавзусидаги амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференция давомида вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси Актам Хаитов воҳалик фермерларга мурожаат қилди. Мурожаатни вилоят, туман ва шаҳар студияларидан барча фермерлар тинглиб, тегишли хулоса ҳамда таклифларни олишди.

– Пахтачиликда ҳам бу йил олдимизда улкан вазифа турибди, катта марра олганмиз, гектаридан 45 центнердан ҳосил олишимиз керак. Барча соҳаларда бўлгани каби пахтачиликда ҳам етиштирилган ҳосил рақамлаштирилиб, онлайн ҳисоб-китоб йўлга қўйилди, – вилоят раҳбари. - Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган ҳафтада ўтказилган йиғилишда бу йил етиштирилиб, платформадан ўтказилган 1 тонна пахта учун 1 миллион сўмдан субсидия ажратилиши маълум қилинди. Берилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, меҳнат қилган фермерлар мўл ҳосил ва юқори даромад кутмоқда.
Конференцияда ҳудуд фермерларининг мавжуд муаммолари ва таклифлар ўрганилиб, фермер хўжаликлари фаолиятини келгусида янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Сўнгра қишлоқ хўжалиги фаолиятида тинмай меҳнат қилиб келаётган энг илғор фермер хўжаликлари раҳбарларининг 6 нафарига “Илғор фермер” кўкрак нишони топширилди. Шунингдек, бир қатор фаол фермерларга сиҳатгоҳларда дам олишлари учун йўлланмалар тақдим этилди.
***
Жорий 2025/2026 ўқув йилида Қамаши туманида 5 минг 824 нафар болажон 1-синфга қабул қилинади. Анъанага кўра, ҳар йили биринчи синфга борувчи ўқувчиларга давлатимиз раҳбари томонидан ўқув қуроллари ва дарслик китоблари тақдим этилади.


Айни пайтда Қамаши туманидаги барча 100 та умумтаълим мактабига Президент совғалари етказиб берилмоқда. Ҳар бир мактабда совғалар тартибли равишда қабул қилиб олинган бўлиб, улар яқин кунларда ўқув йили бошланиши муносабати билан болажонларга тантанали равишда топширилади.
***
Яқинда Миср Араб Республикасининг Гиза шаҳрида “IBSA Grand Prix Giza” халқаро дзюдо мусобақаси бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли беллашувда дунёнинг 27 та мамлакатидан жами 124 нафар энг кучли спортчи қатнашди.

Қувонарлиси, мусобақада Миришкор туманидан етишиб чиққан иқтидорли спортчи Шоҳрух Мамедов ҳам муносиб иштирок этди. У ўзининг маҳорати ва матонатини намоён этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритди ва бронза медалига сазовор бўлди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА мухбири