
Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан иш юритувдаги фуқаролар манфаатлари юзасидан қарздорликларни ундириш борасида тегишли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудий бўлимлар иш юритувига мазкур тоифадаги жами 285,7 миллиард сўмлик 24 мингдан ортиқ ижро ҳужжатлари келиб тушган ва ижро ишлари юритилган. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 3,2 мингга яқин ижро ҳужжати тамомланиб, 12,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ олинган.
Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган уй-жойлари, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иншоотлар учун ҳокимликлардан компенсация пуллари билан боғлиқ 175 та ижро иши бўйича жами 78,8 миллиард сўм маблағлар ундириб берилган.
Жумладан, Мажбурий ижро бюроси Оҳангарон туман бўлими томонидан Тошкент вилояти Фтизиатрия ва Пульмонология шифохонаси (қарздор)дан ундирувчи шу шифохонанинг собиқ ҳамшираси фойдасига 103 миллион сўм бир марталик товон пули тўлиқ ундирилган. Бундан ташқари, МИБнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан 2025 йилнинг биринчи чораги давомида бир қанча самарали ишлар амалга оширилди.
Солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ишлари бўйича қарздорларга тегишли бўлган “ANGREN AVTOBUS TAKSI SAROYI” МЧЖ, “ANGREN KO'MIR INVEST” МЧЖ, “Ўзбеккўмир” АЖ ва “Ангрен ИЭС” АЖга тегишли жами 25 та 3,3 миллиард сўмга баҳоланган кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари хатланган. Улар “e-auksion.uz” савдо платформасидаги электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши таъминланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, вилоят бўйича 644 нафар фуқаролар фойдасига 5,1 миллиард сўмлик маблағлар, шу жумладан, 157 миллион сўмдан зиёд иш ҳақлари ҳамда 3,4 миллиард сўмлик етказилган зарар маблағлари ундирилиши таъминланган.
А.Мусаев, ЎзА