Қарз сабаб қидирувга берилган автомобиль бошқа маҳалладан аниқланди
Нарпай туманида кредит қарздорлигини тўламаслик мақсадида автомашинасини яширишга уринган фуқаро Мажбурий ижро бюроси ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида фош этилди.
Мажбурий ижро бюроси Нарпай туман бўлими давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида фуқаро Х.Г. (аёл)дан ундирувчи “Hayot Bank” фойдасига 8,1 миллион сўм миқдоридаги кредит қарздорлигини ундириш белгилангани аниқланди.
Ижро ҳужжатига асосан қарздорга тегишли “Chevrolet Gentra” русумли автотранспорт воситасига қидирув эълон қилинди. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур автомашина қарздор томонидан бошқа маҳаллада яшовчи укасининг хонадонида ёпинчиқ тагига яшириб қўйилгани маълум бўлди.
Давлат ижрочилари томонидан автомашина топилиб, белгиланган тартибда хатланди ҳамда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА