Мустақиллик байрами арафасида Қарши шаҳрининг Беклар маҳалласида 125 хонадондан иборат 3 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Ушбу янги уй-жойлар шаҳар аҳолиси, айниқса, ёш оилалар ва уй-жойга муҳтож фуқаролар учун қулай шароитларни яратиш мақсадида барпо этилди.
Қурилиш ишлари “Насаф Чина Инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. Лойиҳа қиймати 44 миллиард сўмни ташкил этиб, бу маблағ асосан уй-жойларнинг сифатли ва барқарор бўлишига йўналтирилди. Уйлар замонавий меъморий услубда қурилиб, ҳар бир хонадонда қулай шароитларни таъминлайди.
Шу билан бирга, янги уйлар асосан ёш оилалар ва ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламлари учун мўлжалланган бўлиб, уларга уй-жойлар субсидия асосида берилмоқда, яъни 60 фоиздан ортиғи субсидия билан таъминланмоқда. Бундан ташқари, уй-жой сотиб олувчиларга 20 йиллик имтиёзли кредитлар таклиф этилмоқда, бу эса ёшларга уй-жойга эга бўлиш имконини оширади.
[gallery-25037]
Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан билдирилишича, мазкур лойиҳа маҳаллий аҳоли турмуш даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда ёшларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.
Мустақиллик байрами арафасида бундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши юртимиз тараққиёти ва аҳолининг фаровон ҳаёти йўлида муҳим қадам саналади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари