ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўтган йил эрта баҳорда Қарши шаҳрининг Ислом Каримов, Мустақиллик ва Буюк Турон кўчаларига шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 100 минг туп атиргул кўчати экилган эди. Бугун бу ниҳоллар куртак ёзиб, шаҳарни мислсиз рангларга буркади. Ушбу ташаббус нафақат вилоят маркази ҳуснига зеб берди, балки ҳар бир қалбга баҳорий кайфият улашди, десак янглишмаймиз.
Маълумки, атиргуллар парвариши алоҳида эътибор талаб этади. Шу боис, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан тузилган махсус гуруҳлар атиргулларни мунтазам равишда суғориб, ўғитлаб, зараркунандалардан ҳимоя қилиш чораларини кўрмоқда. Бу эса атиргулларнинг узоқ вақт давомида кўзни қувонтириб туришини таъминлайди. Шу билан бирга, шаҳар аҳолиси ҳам бу гўзалликка бефарқ эмас. Улар ҳам ўз уйлари олдида атиргуллар экиб, умумий манзарага ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Қаршининг атиргуллар шаҳри сифатидаги муваффақияти нафақат ҳудуд аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилашга, балки туризмнинг ривожланишига, маданий меросни сақлашга ва экологик вазиятни яхшилашга ҳам хизмат қилмоқда. Бу тажриба юртимизнинг бошқа шаҳарлари учун ҳам ибрат бўлиб, мамлакатимизнинг янада гўзал ва обод бўлишига хизмат қилади.
[gallery-23311]
Шаҳар раҳбарияти 2025–2026 йилларда шаҳарга яна 50 минг туп атиргул кўчати экишни мақсад қилган. Янги гулзорлар ва сўлим боғлар яратиш устида изланишлар олиб бормоқда. Келгусида бу эзгу ишлар янада ривожланиб, Қарши – гуллар шаҳри, деган мақомга эга бўлади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА