Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Қардошлик мушоираси” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси қарорига мувофиқ 30 июль бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йил 10 февралда қабул қилинган “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга кўра, бу сана Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” сифатида белгиланган. Ҳар йил мазкур байрам кўп миллатли халқимиз томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинади.
Мазкур анъанага мувофиқ, 2025 йил 25–31 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда бутун мамлакатимиз бўйлаб “Дўстлик” фестивали ўтказилмоқда.
Фестиваль доирасида ташкил этилган мушоира аввалида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фойесида китоблар кўргазмаси ташкил қилинди. Тадбирга келган меҳмонлар турли қардош тилларда чоп этилган асарлар, қўлланма ва рисолалардан баҳраманд бўлишди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид юртимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик соҳасида олиб борилаётган эзгу ишлар, Ўзбекистонда яшаб, ижод қилиб келаётган турли миллат вакиллари, шоир ва ёзувчиларнинг адабиётимизга қўшиб келаётган улкан ҳиссаси, қардош мамлакатларнинг ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда адабиётнинг роли ва аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.
[gallery-24520]
– Бу йилги “Дўстлик” фестивали ҳам миллатлараро ҳамжиҳатлик, аҳиллик, биродарлик, қардошлик байрами сифатида кенг нишонланмоқда, –деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Айтиш керакки, ўзбек адабиёти ўз мазмун-моҳиятига кўра дўстлик, эзгулик адабиётидир. Президентимиз ташаббуси асосида “Туркий адабиёт дурдоналари”, “Жаҳон адабиёти дурдоналари”, “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари” каби муҳташам жилдли тўпламларнинг нашр этилгани, бу йўналишдаги ишлар изчил давом этаётгани мамлакатимизда адабиётнинг эзгу ва ҳаётбахш ғоясини яна бир карра намоён этади.
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев “Дўстлик” фестивали ва унинг доирасида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келаётгани, мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаётгани, бу эса ўз навбатида давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Асадуллоҳ Исмоилзоданинг “Навиштам, ҳарчи виждонам бифармуд”, Паймоннинг “Девон”, Николай Ильиннинг “Ҳаёт гўзал бағоят”, Лола Юнус қизининг “Қарасу жырлары”, Рисолат Ҳайдарованинг “Суюмбика” китоблари тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тожик адабиёти кенгаши раиси Хисрав Саъдулло, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Рус адабиёти кенгаши раиси Артём Горохов ва бошқалар миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашда бадиий адабиётнинг ўрни ниҳоятда муҳим экани, Ўзбекистонда кейинги йилларда бу соҳада катта ўзгаришлар қилинаётгани, қардош халқлар ўртасида адабий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида эътироф этдилар.
Маърифий учрашув мобайнида йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлаш мақсадида турли қардош тилларда куй ва қўшиқлар янгради. Бундан ташқари ўзбек, тожик, қозоқ ва рус тилларида мушоира кечаси ташкил этилди.
Адабий анжуман доирасида хориждаги ватандошлар учун “Чинор” дастурининг лойиҳаси ҳам бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2025 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режасида катта ёшдаги ватандошлар учун “Чинор” дастурини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
[gallery-24525]
Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад хорижий давлатларда истиқомат қилаётган катта ёшдаги ватандошларни Ўзбекистонга таклиф этиш орқали уларга “Янги Ўзбекистон” ғоясини танитиш, этник ўзбеклар ва уларнинг келиб чиқиш тарихи, урф-одат ва қадриятлари тўғрисида батафсил маълумотлар бериш, юртимизда нуронийлар билан олиб борилаётган тизимли ишлар, мамлакатимизда шаклланган адабий муҳитдан хабардор этиш, фаол ватандошлик позициясини шакллантиришдан иборатдир.
“Чинор” лойиҳаси доирасида хориждаги 100 нафар нуроний ватандошлар учун Ўзбекистонда нуронийлар ва ижодкорлар учрашувлари, музей ва кўргазмалар, тарихий шаҳарларга ташрифлар уюштирилади. Бу лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб, дастлабки босқич 40 нафар ватандош учун 24-30 июнь кунлари ўтказилган эди.
Иккинчи босқичда эса Ёзувчилар уюшмасида Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда яшаётган 60 нафар ватандошларимиз иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Лойиҳа давомида хориждаги ватандошларга мамлакатимизда кечаётган маънавий-маърифий жараёнлар, миллий адабиётимизга қаратилаётган эътибор ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ватанни, истиқлолни тараннум этувчи шеърлар турли тилларда ўқилди.
Н.Усмонова, О.Пардаев, Ў.Ҳайитов (сурат), ЎзА мухбирлари