Оқолтин туманидаги “Обод”, “Бўстон” ва “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан ўтувчи 6 километрдан ортиқ узунликдаги суғориш тармоғи “Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастури доирасида тубдан қайта тикланмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар сув таъминоти йўқлиги туфайли бўш турган ер майдонларини суғориш имконини яратиб, ҳосилдорликни 1,5-2 баробарга ошириш, бозорбоп ва рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга туртки бўлади. Лойиҳа учун республика бюджетидан 3,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
Ҳозирги пайтда янги суғориш тармоқларини тортиш, сув етиб бормаётган ҳудудларга оқар сувни етказиб бериш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

– Суғориш тизимининг қайта тикланиши маҳалламиз учун катта ёрдам бўлди. Энди сув етишмаслиги туфайли бўш турган майдонлар ҳам иқтисодий айланмага киритилади. Бу ҳар бир оила учун қўшимча даромад манбаи бўлиб, аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади, – дейди “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Отабек Эсонов.
Янги тизим аҳолини оқар сув билан таъминлаш орқали нафақат бугунги кун муаммоларини бартараф этишга, балки келгусида қишлоқ хўжалиги ривожи ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Энди аҳоли томорқаларидан йилига фақат бир марта эмас, камида икки-уч маротаба ҳосил олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг иқтисодий фаоллигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

–Сайхунобод ва Уйчи туманларида томорқачилик ривожланмоқда деб телевизорда кўп кўрамиз, интернетда ҳам ўқиймиз. Рости, ҳавас қилардик. Аммо биздаги сув танқислиги туфайли кўп йиллардан буён бу ишларни амалга ошира олмасдик. Энди эса шу муаммолар ортда қолмоқда. Йилига икки марта бўлса ҳам шу вақтгача фойдаланилмай келаётган ерлардан ҳосил олиш ниятимиз бор, – дейди Обод маҳалласи фуқароси Аъзамжон ота Ҳакимов.
Лойиҳа доирасидаги ишлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун "Аброр" мелиорация тизими" МЧЖга қарашли бульдозер, экскаватор, “МАН” ва “КамАЗ” русумидаги махсус техникалар, шунингдек, 100 нафарга яқин ишчи-ходим сафарбар қилинган. Улар томонидан ер текислаш ва лотокларни ўрнатиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири