Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қамалдаги Ленинграднинг адабий жасорати: 1941 йилдаги навоийхонлик

Буюк мутафаккир Алишер Навоий нафақат ўзбек халқининг, балки бутун дунё халқлари маданий ҳаётида катта аҳамиятга эга буюк сиймо. Таваллудига салкам олти юз йил бўлган мазкур тарихий сиймо шахси, ҳаёти ва ижодига жаҳон миқёсида эътибор тобора ортиб бораётгани бежиз эмас.

Яқин тарихга назар солсак, 1941 йилнинг декабрида, Иккинчи жаҳон урушининг ўта оғир даврида немис босқинчилари томонидан қамал қилинган Ленинград шаҳрида Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан шоир хотирасига ҳурмат бажо келтирилган ҳолатда илмий анжуман ўтказилган.  

Таниқли шоир ва адиб Исмат Кўчиевнинг навбатдаги китоби мазкур тарихий анжуманга бағишланган. Унинг “Қамалдаги Ленинграднинг адабий жасорати: 1941 йилдаги навоийхонлик” китоби Минск шаҳридаги “Альфа-книга” нашриётида 2025 йили кўп нусхада рус тилида чоп қилинди.  

Мазкур китобнинг рус тилида нашр қилиниши Навоий ҳаёти ва ижодини жаҳон миқёсида тарғиб қилишга қўшилган салмоқли ҳисса ҳисобланади. Зотан, мазкур китобни дунё миқёсида русийзабон китобхонлар, хусусан Навоий ижодининг мухлислари  ўқишлари, даҳо ва мутафаккир шоир Алишер Навоий ижодига яна бир бор алоҳида эътибор беришлари муҳим аҳамиятга эга. Китоб дебоча, тўрт боб ва хотимадан иборат.

Тарихий воқеаларнинг гувоҳлик беришича, ўша пайтда шаҳар фашист босқинчилари томонидан шафқатсиз бомбардимон қилинишига қарамасдан, анжуман қатнашчилари навоийхонлик кечасини тарк қилмаган. Китоб муаллифи таъкидлагани каби бу ҳақиқатдан ҳам ленинградлик олимлар ва зиёларнинг мислсиз жасорати, Навоий ҳазратлари хотирасига чексиз ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин намунаси бўлган эди.

Навоий  таваллудининг 500 йиллигига бағишланган илмий анжуман бежиз айнан Ленинград шаҳрида ўтказилмаган. Муаллиф Исмат Кўчиев буни ўз китобининг деярли дастлабки саҳифаларида алоҳида таъкидлаган:

“Ленинград шаҳри қамалда бўлган 1941 йил декабрда бир гуруҳ олимлар ва зиёлилар Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини нишонлаш учун тўплангани кутилмаган ҳодиса бўлмаган. Ўша даврда Ленинград дунёдаги энг йирик шарқшунослик марказларидан бўлган. Шаҳардаги кутубхоналар, музейлар, илмий масканлар ва университетларда ўнлаб йиллар мобайнида антик давр ва Европа адабий мероси билан бир қаторда Шарқ халқларининг адабий мероси ҳам тўпланган, ўрганилган, сақланган ва таълим берилган.  

Петербургда (кейинчалик Ленинградда) фаолият юритган СССР Фанлар академияси Шарқшунослик институти 1930 йилларга келиб мамлакатда мазкур соҳанинг етакчи масканига айланди. Бу илмий даргоҳда араб, форс, туркий, хитой, япон ва ҳинд адабий манбаларини ўрганадиган энг йирик мутахассислар фаолият юритган. Институт фондида чиғатой тилидаги ноёб қўлёзмалар, шунингдек Навоий, Низомий, Саъдий, Хожа Ҳофиз Шерозий, Фирдавсий асарларининг асил нусхалари ва таржималари сақланган. Ленинградда тўлақонли илмий жараён йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда Шарқ ёзма адабий манбалари бошқа олам сифатида эмас, балки нисбатан жуда яқин маданий мерос сифатида ўрганилган. Бу жараёнда академик Е.Э. Бертельс етакчи ўрин тутган, Алишер Навоий ижоди жаҳон адабиёти нуқтаи назаридан ўрганилиши унинг номи билан чамбарчас боғлиқ”.     

Муаллифнинг таъкидлашича, Навоий таваллудининг 500 йиллик санаси 1941 йилда расман нишонланган бўлса ҳам оғир уруш даврида кўпчиликнинг эътиборидан четда қолди. Фақат 1947-1948 йилларга, урушдан кейинги тинчлик даврига келиб совет маданий сиёсатида бу мавзуга яна алоҳида эътибор қаратилди. Бу даврга келиб қатор навоийшунослик тадқиқотлари нашр қилинди, илмий анжуманлар ташкил қилинди, мукофотлар ва унвонлар таъсис этилди, буюк шоир асарларининг академик нашрлари дунё юзини кўрди. Айни шу йилларда Алишер Навоий тимсоли советларга хос халқлар дўстлиги мафкураси доирасида миллатлараро маданий бирдамлик рамзига айланди. Мактаблар ва олий ўқув юртларида Навоийга бағишланган маърузалар қилинди, театрларда Навоий қаламига мансуб “Хамса” мавзулари асосида саҳна томошалари намойиш қилинди, радио эшиттиришлар ва матбуотдаги чиқишларда шоир тимсоли “озод қилинган Шарқ мутафаккири” сифатида талқин қилинди. Бунда Навоий ҳаёти ва ижодига хос “ижтимоий зўравонликка нисбатан муросасизлик” ҳамда “ҳукмдорларнинг халққа нисбатан адолатсиз жабру зулмини фош қилиш” хусусиятларига алоҳида эътибор қаратилди. Буларнинг барчаси Навоий тимсоли совет давлати мафкурасини тарғиб қилишда алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Буюк Навоий ҳаёти ва ижодининг жаҳон миқёсида тарғиб қилинишига рус олимлари салмоқли ҳисса қўшганлари, бу муҳим мавзуга кейинчалик бутун дунё миқёсида алоҳида эътибор қаратилгани Исмат Кўчиев китобида алоҳида таъкидланган. Муаллиф ўз тадқиқотида Навоий ижоди Франция ва Германия каби қатор Европа давлатлари, жумладан Англияда ҳам атрофлича ўрганилаётганини алоҳида таъкидлаган:

“Алишер Навоий” абадий меросини ўрганиш Буюк Британияда тарихий-филологик ва маданиятшунослик жиҳатларини қамраб олган. Шарқ ва Африка халқлари мактаби (SOAS) журналларида эълон қилинган тадқиқотлар Навоий ижодининг туркий халқлар адабиёти ва маданияти шаклланиши таҳлили билан боғлиқ.  Англиялик олимлар Навоий ўз асарларида халқаро муносабатлар учун очиқ Шарқ тимсолини яратганига эътиборни қаратадилар”.

Исмат Кўчиев ўз китобида Англиянинг Оксфорд ва Кембриж дорилфунунлари кутубхоналарида ҳам чиғатой тилидаги ноёб қўлёзмалар, шу билан бирга Навоий қаламига мансуб “Хамса” достонларининг нодир қўлёзмалари сақланаётганини алоҳида таъкидлаган.

Исмат Кўчиевнинг “Қамалдаги Ленинграднинг адабий жасорати: 1941 йилдаги навоийхонлик” китоби замонавий матбаачилик талабларига жавоб берадиган тарзда нашр қилинган. Китобни безатишга алоҳида эътибор берилган. Ундан қатор тарихий ҳужжатларнинг нусхалари, энг муҳими ҳазрат Навоийга мамлакатимиз ва жаҳоннинг турли шаҳарларида ўрнатилган ҳайкалларнинг рангли расмлари жой олган.

Кези келганда таъкидлаш керакки, шоир ва адиб Исмат Кўчиев қатор тарихий сиймолар, жумладан Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоларини ўз бадиий асарларида гавдалантирган салоҳиятли ижодкорлар жумласига киради. Алишер Навоийга бағишланган “Абадиятнинг беш довони” ҳамда Бобур Мирзога бағишланган “Бобур. Асрлар оралаб” достонлари унинг ижодида алоҳида ўрин тутади.  

Абдуҳамид Пардаев,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.