Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм аскар ва зобитлари Бобур шаҳридаги “Ватанпарвар боғи”да бўлди.
Ҳарбий қисм раҳбарияти ташаббуси билан юрт ҳимоячиларининг ҳарбий касб ва бурчига бўлган садоқатини янада мустаҳкамлаш, уларнинг қалбида ватанпарварлик, фидойилик, соҳанинг шонли анъаналарига ҳурмат туйғуларини юксалтириш мақсадида ташкил этилган тадбир ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди.

Юртдошларимиз, ёшлар қалбида Ватан ҳимоясига дахлдорлик, муқаддас заминга муҳаббат, ватанни улуғлаш, унинг қадим ўтмиши ва буюк келажагидан фахрланиш, юрт ҳимояси йўлида қурбон бўлганларни эъзозлаш, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини кўрсатиш мақсадида барпо этилган Бобур шаҳридаги “Ватанпарвар боғи” шу кунларда Андижоннинг энг гавжум масканларидан бирига айланган.
Дастлаб ҳарбийлар томонидан боғдаги “Ватанга қасамёд” монументи пойига гулчамбарлар қўйилди. Ватан озодлиги, тинчлиги ва ҳимояси йўлида жон фидо қилган марҳумлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Шундан сўнг улар “Ватанпарвар боғи”даги ҳарбий техникалар, турли экспонатлар билан яқиндан танишиб, боғни ташкил этилиши ҳақида кенг маълумотлар олишди.

– “Ватанпарвар боғи”га саёҳат давомида жуда кўп маълумотлар олдим, - дейди катта лейтенант Бобуржон Олтибоев. – Айниқса, Ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлган ҳарбийларга ўрнатилган ёдгорликлар, уларнинг қаҳрамонликлари ҳақидаги маълумотлар мард ўғлонларга бўлган ҳурматимни янада оширди. Ишонаманки, халқимиз ўз қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмайди.
Ватанпарвар боғига саёҳат чегарачилар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари