
Нефрология йўналишида асосан ўткир ва сурункали пиелонефритлар, буйрак амилоидози, диабетик нефропатия, 1 ва 2-даражали сурункали буйрак етишмовчилиги каби касалликларга ташхис қўйилади ва даволанади.
Ўтган йилни салмоқли меҳнат ютуқлари билан якунлаган Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази жамоаси бу йил янада каттароқ натижаларни мақсад қилган. Ўтган уч ой мобайнида қўлга киритилган ютуқлар ҳам шундан далолат бериб турибди.
Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Эркин Ҳотамов соҳада амалга оширилган ишлар хусусида қуйидагиларни таъкидлади.
–Қаерда изланиш сустлашса, ўша ерда тараққиёт секинлайди, — дейди Эркин Ҳотамов. — Ҳар бир соҳа инновацион ёндашувни талаб этади. Шу билан бирга, тажрибали шифокорларга эҳтиёж катта. Яқинда 2 нафар мутахассисимиз Минск хирургия, трансплантология, гематология илмий-амалий марказида малака ошириб келди.
Нефрология, терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллигини қандли диабет, сурункали гломерулонефрит ва пиелонефрит, буйрак поликистози кабилар келтириб чиқариши тўғрисида кўп бора қайд этилган. Бу касаллик кўп ҳолларда меҳнатга лаёқатли, ижтимоий фаол инсонларда учрайди. Мазкур касалликнинг олдини олиш, касалликка чалинган беморлар соғлигини тиклаш, умр кўриш давомийлигини узайтириш машаққатли вазифа. Бирламчи ва иккиламчи нефропатияда буйрак морфологик текшируви ва иммуногистокимёвий таҳлиллар асосида илғор иммуносупрессив терапия амалиёти ўзлаштирилганини ҳам мамнуният билан айтмоқчимиз.
Бу даврда марказ моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилди. Хусусан, узоқ муддатли узлуксиз гемодиафилтрация усулини амалга ошириш мақсадида бюджет маблағлари ҳисобидан 35 минг АҚШ долларилик жиҳозлар келтириб ўрнатилди. Фаолиятимиз давомида ҳудудларга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Бу билан тиббиётни, шу жумладан, ихтисослаштирилган хизматларни халққа янада яқинлаштириш мақсад қилинган. Шу асосда яқинда Тошкент, Сирдарё ва Навоий вилоятлари туман ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг тор соҳа ва поликлиника шифокорлари сурункали буйрак касалликларини ҳамда унинг босқичларини тез ва арзон усулда аниқлашнинг электрон дастурларини татбиқ этиш бўйича ўқитилди. Бу уларнинг бундан кейинги фаолиятида қўл келиши аниқ.
Яна бир янгилик сифатида ҳомийлар ва ҳамкорлар маблағи ҳисобидан 100 минг АҚШ долларига симуляцион марказ очилганини келтириш мумкин. Бу ерда ҳудудий филиал ва туманлараро гемодиализ бўлимлари ходимлари малака оширади. Ўз навбатида, филиалларимизга буйракдан биопсия олиш ва уни тўғри таҳлил қилиш амалиётини ўтказиш учун керак бўладиган замонавий асбоб-ускуналар етказиб берилди.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида эса 10 ўринга мўлжалланган туманлараро гемодиализ бўлими фаолияти йўлга қўйилди ва натижада юртимиздаги бундай бўлимлар сони 105 тага етди.
Филиалларни зарур жиҳозлар ва асбоб-усканалар билан таъминлаш мақсадида 6,5 миллиард сўмлик биопсия пистолети ва сарфлов воситалари ҳамда стационар ультратовуш текширув ускуналари ҳамда 10,5 миллиард сўмлик қонда такролимусни аниқлаш реактивлари, 3 миллиард сўмлик қон газлари ва электролитлар анализаторлари, 4,7 миллиард сўмлик сув тозалаш мосламалари ҳамда автоматик ИХЛА анализатори харид қилинди. 1,9 миллиард сўмлик диализ эритмаси концентратларини тайёрлаш қурилмалари билан таъминланди.
Олдимизда турган вазифалар залворли. Уларни муваффақиятли амалга ошириш учун марказимиз моддий-техник имкониятлари ҳам, ходимларимиз салоҳияти ҳам етарли.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА