Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи
Маълумки, муборак рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи – Қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”, – деб марҳамат қилган (Бақара сураси).
Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ Ибн Аббосдан нақл қилади: “Қуръони карим тўлалигича рамазон ойида, Қадр кечасида Лавхул-Махфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Муҳаммадга (с.а.в.) оятларини муқтазои ҳол тақозосига мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди”, дедилар.
Демак, муборак Қуръони каримнинг пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в.)га нозил бўлиши рамазон ойида бошлаган. Яна бу кунларнинг улуғлигига сабаб шуки, унинг ичида Қуръон оятлари нозил қилинган кеча – Қадр кечаси яширинган.
Қадр кечаси рамазон ойининг қайси кечасида эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в.)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ эса учинчи ўн кунликни тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг Рамазон ойининг 27-кечаси экани маълум бўлган.
Ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар: “Пайғамбаримизнинг бир қанча саҳобалари Лайлат-ул Қадрни рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда Расулуллоҳ(с.а.в.): “Сизларнинг тушларингиз Лайлат-ул Қадр рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Ким Лайлат-ул Қадрни кутмоқчи бўлса, рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!” – дедилар”.
Ойша (р.а.) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Лайлат-ул Қадрни рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар”, – дедилар. Демак, рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли амалларни кўпроқ амалга ошириш, рўзадорларга ифторликлар қилиб бериш каби яхши амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.
“Лайлат-ул Қадр” сўзи “белгилаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Сизу бизларни олдимизда турган муборак Қадр кечасида бизга ушбу оятлардан кўриниб турган уч хил фазилатни англашимиз мумкин.
Биринчиси, Лайлат-ул Қадр кечасининг минг ойга баробарлиги ва ундан ҳам ортиқлиги. Иккинчиси, бу кечада осмон фаришталари Жаброил (а.с.) билан бирга ер юзига тушиб, мўмин-мусулмонларга салом айтиб, дуоларига омин деб туришлари. Учинчиси, то субҳи тонгигача аҳли иймон бандаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб туриши.
[gallery-28174]
Мана шу сабабдан ҳам ҳадиси муборакларда: “Ҳар ким Лайлат-ул Қадр кечасида чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлса, жамики гуноҳлари мағфират қилинур”, деб баён қилганлар. Демак, барчаларимиз бу кечани ғанимат билиб эзгу мақсадларимизни сўраб, дуолар қилишимиз лозим.
Оиша онамиз (р.а.) дедилар: “Ё Расулуллоҳ (с.а.в.) агар Қадр кечаси қачон бўлишини билсам, у кечада қандай дуо қиламан?”. Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: “Эй Аллоҳ, сен авф этгувчи зотсан ва авф қилишни яхши кўрасан. Менинг гуноҳларимни авф қилгин”, деб дуо қилгин”, дедилар.
Аллоҳим, барчаларимизни рамазон ойида эзгу ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган ибодатларимизни ва холис қилаётган дуоларимизни ўзининг лутфи карами ила қабул қилсин, гуноҳларимизни ўзи мағфират айласин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Ёсинбек Паттожонов,
Андижон шаҳридаги “Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби.
ЎзА.