
Самарқанд асрлар давомида савдо, илм-фан ва дипломатия маркази бўлиб келган шаҳардир, дейилади Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити олдидан “Euronews”га берган интервьюсида.
Қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг улуғворлиги турли маданиятлар, халқлар ҳамда ғояларни бирлаштира олганида намоён бўлади. Президент Самарқанд яна замонамизнинг асосий муаммоларини муҳокама қилиши мумкин бўлган мулоқот майдонига айланаётганига эътибор қаратди.
Дарҳақиқат бу шаҳар Марказий, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳудудида истиқомат қилган халқларнинг кўп асрлик халқаро муносабатлари тарихида алоҳида ўринга эга. Давлатимиз раҳбари олти асрдан ортиқ вақт илгари айни шу ердан Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Темур Европа монархлари билан эркин ва хавфсиз савдони таъминлаш мақсадида фаол алоқалар ўрнатганлигини таъкидлади.
[gallery-22626]
Кейинги йилларда Самарқанд кўплаб халқаро даражадаги саммитлар, учрашув ва тадбирлар ўтказиладиган ҳудудга айланди. Бу билан бу азим кент халқаро ҳаётдаги ўзига хос ўрнини тиклаяпти десак ҳақиқатни айтган бўламиз.
3 апрель куни Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бошланади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган саммит ишида Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этади.
“Келажакка сармоя киритиш” шиори остида ўтказилаётган тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Европа инвестиция банки раҳбарлари ҳам қатнашади.
Шаҳарда ушбу нуфузли тадбир шукуҳи ҳукмрон.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Рустам НАЗАРМАТОВ,
Отабек МИРСОАТОВ (сурат),
ЎзА мухбирлари