Бугун ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида дастлаб давлатимиз раҳбарининг Қатар давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан “Ижтимоий ривожланиш” бўйича иккинчи Жаҳон саммитидаги иштироки ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган тамойил устувор бўлган, ижтимоий адолат таъминланган, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари самарали ҳимоя қилинган ижтимоий давлат барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, охирги йилларда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартирилди. Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги ислоҳотлар жадаллик билан давом эттирилмоқда.

Депутатлар Президентимизнинг камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий тенгсизликни камайтиришга амалий кўмак берадиган Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этиш тўғрисидаги таклифи дунё халқларининг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, Президентимизнинг “Ижтимоий масъулият ва муносиб меҳнат бўйича глобал ташаббус”ни ишлаб чиқиш бўйича таклифи ҳам қўллаб-қувватланди. Таълим имкониятларини кенгайтириш эса ижтимоий муаммоларни ҳал қилишнинг энг самарали йўли экани яна бир карра эътироф этилди.

Депутатлар халқаро саммитда Президентимиз томонидан илгари сурилган барча таклиф-ташаббуслар партия сайловолди дастуридаги вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг эканини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, йиғилишда депутатлар Президентимизнинг жорий йил 5-6 ноябрь кунлари “C5+1” саммитида иштироки ҳақида ҳам тўхталиб, унинг доирасида илгари сурилган ташаббуслар ва эришилган келишувларни юқори баҳолади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА