Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги чиқишида минтақавий ва глобал масалалар юзасидан мамлакатимизнинг қатъий позициясини билдирди, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий натижалари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардор этди.
Жумладан, барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг равишда, мамлакатимизда демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий тамойилларга асосланган Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида изчил сиёсат олиб борилаётгани таъкидланди. Ушбу сиёсатнинг марказида мамлакатда яшовчи ҳар бир оиланинг, фуқаронинг ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш мақсади турибди.

Шунингдек, таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантириш, инновацион тармоқлар ҳамда технологик саноат корхоналарини ташкил этиш, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шунингдек, кичик бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали миллионлаб иш ўринлари яратилгани қайд этилди. Натижада, сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқаргани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бугунги нотинч ва мураккаб даврда нафақат Ўзбекистон, балки бутун инсоният тақдирига дахлдор бўлган долзарб масалаларни кўтарди. Хусусан, тинчлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгариши ва сув танқислигининг олдини олиш, экологик муаммоларга қарши курашиш, аёллар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсониятни умумий тараққиёт сари бирлаштириш муҳим эканлигини алоҳида қайд этди, қатор ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, Президентимиз эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида эканлигини таъкидлаб, ёшларнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш, бу борада “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурди.
Президентимизнинг чақириқлари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол, масъулиятли ва ташаббускор давлат сифатидаги ўрнини яққол намоён этди. Бу нутқ жаҳон ҳамжамиятини тинчлик ва тараққиёт сари муҳим қадам ташлашга даъват сифатида янада аҳамиятли бўлди.
Нигорахон Қашқабоева,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Андижон вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА