Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари ҳар бир фуқаро ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш ва замонавий инфратузилма яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, сўнгги 8 йил давомида мамлакатимизда ичимлик суви ва оқова сув хизматлари соҳасига 27 триллион 500 миллиард сўм йўналтирилган. Ушбу маблағлар эвазига 3627 та иншоот қурилиб, 40,6 минг километр узунликдаги сув тармоқлари тортилди. Натижада 7 миллион 700 минг аҳоли илк маротаба тоза ичимлик суви билан таъминланди. 11 миллион 500 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланди, 1 миллион 100 минг аҳоли оқова тизимига уланди. Ичимлик суви қамрови 63 фоиздан 80,9 фоизга, оқова сув хизматлари қамрови эса 17,2 фоиздан 20,9 фоизгача ошди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Зарафшон дарёсининг ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳисобига Жиззах воҳасининг – Бахмал, Ғаллаорол, Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Пахтакор, Зафаробод, Арнасой, Дўстлик ва Мирзачўл туманлари аҳолисига тоза ичимлик сувининг етиб бориши учун астойдил меҳнат қилинмоқда. Лойиҳанинг охирги босқичи билан яна 286 минг нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминланади.
– Албатта, кўрилаётган чора-тадбирлар, ажратилаётган катта маблағлар олис ҳудудларгача тоза об-ҳаёт етиб боришини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди “Жиззах сув таъминоти” АЖ қурилиш ва инвестициялар бўйича директор ўринбосари Раҳматилла Ибрагимов. – Буни ўз маҳалласи, хонадонига ҳам тоза сув келишини йиллаб кутган инсонлар яхши ҳис этишади.
Масалан, Пахтакор туманининг “Буюк Ипак йўли” маҳалласи ҳамда Зафаробод туманининг “Ёрқин” шаҳарча фуқаролар йиғинига бу йил илк бор сув етиб борди. Ёзнинг иссиғида, қишнинг аёзида ҳам сув ташишга мажбур бўлган маҳаллий аҳоли бугунги ўзгаришлардан мамнун ва эртанги кунига ишонч ҳосил қилди.

Осиё тараққиёти банки кредит маблағлари ҳисобига 3 та лойиҳа бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда. Улардан бири – Жиззах шаҳридан ўтувчи магистрал сув тармоқлари ва иншоотларни реконструкция қилишдир.
– Шу пайтгача биз Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани, Тошкент вилоятининг бир қатор объектларида бажарган ишимизга юқори баҳо беришди, – дейди туркиялик иш бошқарувчи Сулейман Кепур. – Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида оқова сув тармоғини янгилашда ҳам иштирок этдик. Бу навбатдаги ишимиз бўлиб, лойиҳага кўра 27,5 километр сув тармоғини янгилашимиз керак. Ҳозиргача 22 километр қисмини бажариб бўлдик. Бу ерда фойдаланилаётган металл қувурлар ўз муддатини ўтаб бўлган. Уларнинг ўрнига узоқ йиллар фойдаланишга мўлжалланган полиэтилен қувурларини ётқизмоқдамиз. Бу ишларга 45–50 ишчи ва 10 га яқин техника жалб этилган. Қурилиш ишларини келгуси – 2026 йилнинг биринчи чораги якунида тугатамиз.
Марказлашган ичимлик сув тармоқларининг жорий куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш ҳам соҳа вакилларининг асосий эътиборида турибди. Бунинг учун мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари ташкил этилди.
Вилоят ҳудудидаги ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда иншоотларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этишга хизмат қилувчи авария-тиклаш бригадалари шакллантирилди. Дарвоқе, мавсум эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда марказий омборда захира эҳтиёт қисмлари тайёрлаб қўйилган.
Тизимдаги яна бир муҳим масала – бу ҳудудлардаги мавжуд оқова сув иншоотларини яхшилашдир. Бу борада “Жиззах шаҳри канализация тизимини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур лойиҳа натижасида Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани сув иншоотларининг санитария ҳолати яхшиланди.
Бундан ташқари, 2025–2026 йилларда вилоятда ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш бўйича 7 та лойиҳага 115 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, жорий йилда 64 миллиард 600 миллион сўмлик 4 та лойиҳа якунланиш арафасида.
Айни пайтда Пахтакор, Ғаллаорол ва Зарбдор туманлари марказларида ишлар қизғин давом этмоқда. Пахтакор туманидаги 10 та маҳаллада жойлашган жами 503 та кўп қаватли уйларнинг аксарияти ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган. Шу пайтгача шаҳарчада канализация тармоғида муаммо бўлиб келган. Шу боис жорий йилда республика бюджетидан 95 миллиард сўм маблағ ажратилиб, оқова сув тармоғи тўлиқ янгиланмоқда.
Пахтакор туманининг “Буюк Ипак йўли” МФЙ даги хонадонларга ҳам бу йил илк бор тоза ичимлик суви етиб борди. Маҳалладаги кўп қаватли уйлардаги канализация тизими ҳам ниҳоят ишга тушади. Бунинг учун оқова сув тармоқлари тортилмоқда, чиқинди сувини тиндириб зарарсизлантирувчи канализация насос станцияси (КНС) ҳам қурилмоқда.
Таъкидлаш керак, бугун ичимлик суви таъминотида замонавий бошқарув ва назорат тизимларини жорий этиш орқали хизматлар сифати оширилмоқда. Йирик сув иншоотлари тўлиқ рақамлаштирилиб, реал вақт режимида назорат қилинади. Бу орқали сув тармоқлари устидан ягона назорат, шаффоф ҳисоб-китоб ва техник йўқотишларни камайтириш таъминланади. Шу билан бирга, тизимда юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларининг олдини олиш ҳамда уларни тезкорлик билан бартараф этишга хизмат қилувчи самарали ёндашувлар ҳам татбиқ этилмоқда.
Барча ҳудудларда шаҳарсозлик ривожланмоқда, янги манзиллар барпо этиляпти. Шундай экан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш кўрсаткичини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳали изчил давом эттирилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА