Президентимиз ташаббуси билан ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимида юз бераётган янгиланишлар соҳага замонавий шакл ва технологияларни кенг жорий этиб, ҳудудларда талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрлашга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда уларни олий таълим муассасалари методик ва илмий қўллаб-қувватлаб, таьлим сифати ҳамда самарадорлигини таъминлашга яқиндан кўмаклашаётгани аҳамиятли бўлмоқда.
Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти Сурхондарё вилоятидаги еттита профессионал таълим муассасасини методик ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларга ҳар тарафлама ёрдам бераётгани ҳам бунга яққол далилдир.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг жорий йилдаги тегишли буйруғи билан Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтига Термиз шаҳар касб-ҳунар мактаби ва Қумқўрғон тумани биринчи, Шўрчи тумани иккинчи касб-ҳунар мактаблари, Бандихон сув хўжалиги ва мелиорация коллежи, Ҳазарбоғ, Қизириқ, Қумқўрғон агротехнологиялар техникумлари бириктирилган. Шунга мувофиқ институтнинг 30 нафар илмий даражали, малакали педагоглари, 5 нафар докторанти оталиққа олинган профессионал таълим муассасаларига методик ва илмий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш учун жалб этилди.

Таълим муассасалари чуқур ўрганилиб, таълим сифатини ошириш юзасидан кўмак бериш йўлга қўйилди. Термиз шаҳар касб-ҳунар мактабига қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Музаффар Арамов етакчилигида тўрт нафар фалсафа доктори ва докторантлар бириктирилган. Улар белгиланган режа асосида касб-ҳунар мактабида бўлиб, таълим сифати ва натижадорлигини ўрганаётир. Ўртага ташланаётган масалаларни таҳлил қилиб, ечимини топиб бермоқда. Жумладан, касб-ҳунар мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари истаги билан бу ерда таълим олаётган йигит қизларга инглиз тилини ўргатиб, тегишли сертификат берадиган бепул ўқув курси ташкил этилди.

– Бўлажак турли касб эгаларига инглиз тилини мукаммал ўргатиш учун институтнинг олти нафар хорижий тил бўйича профессор – ўқитувчиси жалб қилинди, – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Музаффар Арамов. – Уларга иш ҳақини белгиланган тартибда институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб беришга келишилди. Чет тилини ўрганиш лаёқати ва хорижга чиқиш истаги бўлган ўқувчилар рўйхати шакллантирилиб, махсус дастур ва дарс жадвали асосида ўқиш бошланди. Натижа биз кутгандан ҳам зиёда бўлди. Дастлабки курсда бир йўла 30 нафар ўқувчи инглиз тилини яхши ўрганиб, тегишли сертификат олди. Бу бўлғуси мутахассисларнинг чет элга чиқиб, касбдошлари билан ўзаро тажриба алмашиши, соҳаларидаги ютуқларни чуқур ўрганиб келишида муҳим ўрин тутади.


Хорижий тилни ўрганувчилар учун махсус дастур асосидаги дарслар давом этмоқда. Айни пайтда институт оталиққа олган бошқа профессионал таълим муассасаларида ҳам учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА