Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси ҳамда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилди.
Жорий йилдан эътиборан вилоят, шунингдек, туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 фоизи ҳар чоракда Болалар соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармасига ўтказилиши белгиланди.
Шу пайтгача маҳаллий ҳокимликлар ва турли бошқарма, идоралар тасарруфида бўлган болалар оромгоҳлари касаба уюшмаларига ўтди. Эндиликда уларнинг фаолияти Федерация таркибидаги Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан ташкил этилади ва мувофиқлаштириб борилади.
Президент қарори билан Самарқанд вилоятидаги 15 болалар оромгоҳи ҳам касаба уюшмалари тасарруфига ўтказилди.
– Оромгоҳлар бизнинг ихтиёримизга ўтгач, ҳар бири бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди, – дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева. – Аввало уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, зарур воситалар билан таъминлаш, болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча имкониятларни яратиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди. Оромгоҳларнинг аксарияти қурилганига 50-60 йилдан ошган. Табиийки, уларнинг бино ва иншоотлари эскирган, бугунги кун талабларига тўла жавоб бермайди. Айримларининг, ҳатто, номини ўзгартиришга тўғри келди. Шунинг учун оромгоҳлар навбати билан, босқичма-босқич янгидан қурилади, жиҳозланади. Жумладан, бу йил Каттақўрғон туманидаги Ибн Сино номли оромгоҳ капитал реконструкция қилинмоқда. Кейинги 3-4 йилда фаолият кўрсатмаган мазкур оромгоҳ реконструкциядан кейин 260 ўринли замонавий болалар дам олиш маскани бўлади. Пахтачидаги “Хумор”, Самарқанд туманидаги “Алпомиш”, “Дўстлик”, “Ситора” ҳамда Ургут туманидаги бир қатор оромгоҳларда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилди. Лекин уларда ҳам келгусида янгидан қурилиш ишлари амалга оширилади. Келгуси йил Самарқанд туманидаги “Ситора” оромгоҳини қайта қуришни режалаштиряпмиз. Шу тарзда оромгоҳлар замон талабларига мослаштирилиб, улардан фақат ёзги мавсумда эмас, йил давомида фойдаланиш имконияти яратилади.
Вилоятда бу йилги ёзги соғломлаштириш мавсумида 82 оромгоҳда 23395 нафар болажонларни соғломлаштириш кўзда тутилган. Шундан, 9415 нафар ўқувчи шаҳардан ташқаридаги 16 доимий оромгоҳда дам олади. Мактаблар қошида ташкил этилган 66 соғломлаштириш майдончаларида ҳордиқ чиқарадиган болалар учун ҳам қулай шароит яратиш чоралари кўрилмоқда. Мавсум давомида 116 нафар оилавий меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва имконияти чекланган болалар, 50 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари ҳомийлар ҳисобидан, 3500 нафар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари эса жамоа шартномалари ва келишувлари орқали соғломлаштирилади.
Аввалги йиллардаги сингари бу йил оромгоҳларга 1052 нафар педагог жалб этилмоқда. Шунингдек, 205 нафар тиббиёт ходими, 242 нафар ички ишлар, миллий гвардия, ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари оромгоҳларга бириктирилади. Вилоятда бу йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини юқори савияда ўтказиш юзасидан яқинда семинар ўтказилиб, оромгоҳлардаги тайёргарлик масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Суҳроб Рафиқовнинг қайд этишича, бу йил оромгоҳларда иш янгича тартибда ташкил этилади. Болаларни овқатлантириш аутсорсинг тизими асосида амалга оширилади. Бунинг учун ўтказилган тендерда учта тадбиркорлик субъекти ғолиб чиқиб, улар белгиланган таомнома асосида дам олувчиларни сифатли озиқ-овқат билан таъминлайди. Шаҳардан ташқаридаги оромгоҳларнинг асосий қисми тоғли ҳудудларда жойлашганлиги сабабли биринчи навбатга болаларни қабул қилиш 10-12 июндан бошланади.
– Жорий йилнинг 10 июнидан вилоятдаги оромгоҳлар болажонларни босқичма-босқич қабул қилишни бошлайди, – деди Ф.Қиличева. – Мавсум учун 11 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлиб, айни вақтда оромгоҳларда тайёргарлик ишларининг сўнги босқичи олиб борилмоқда. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида касаба уюшмалари вилоят кенгашида штаб ташкил этилган. Шунингдек, оромгоҳларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича аутсорсинг комиссияси таркиби тасдиқланиб, ҳар бир оромгоҳ раҳбари белгиланган аутсорсинг гуруҳи билан шартномалар имзолади.
[gallery-12262]
Тойлоқ туманидаги “Адас” болалар оромгоҳи директори Шербек Жўраевнинг айтишича, бу йилги мавсумда тўрт навбатда 400 нафар болажон қабул қилинади. Оромгоҳда таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлиб, тажрибали педагог, тарбиячи ва тренерлар жалб қилинган. Ётоқхона, спорт майдончаси, ошхона, маънавият зали шай ҳолатга келтирилган. Ургут туманининг тоғ ён бағрида жойлашган “Чор чинор” болалар оромгоҳи 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, атрофи манзарали ва мевали дарахтлар билан ўралган. Саккизта ётоқхона, тиббиёт бўлими, спорт майдончаси, кутубхона, компьютер хонаси, бассейн ва концерт учун саҳна – барчаси болажонларга мунтазир.
– Бу йилги мавсумга алоҳида ҳозирлик кўрдик, – дейди “Чор чинор” болалар оромгоҳи директори Анвар Фазлиев. – Ётоқхоналардаги матрас, чойшаб, хоналардаги эскирган жиҳозлар, ошхонадаги идиш-товоқларнинг барчаси янгиланди. Болаларни соғломлаштириш, дам олишларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 50 нафардан зиёд тарбиячи-мураббийлар жалб этилди.
Бир сўз билан айтганда, эрта-индин оромгоҳлар болаларни ўз бағрига олишни бошлайди. Сўлим табиат қўйнидаги бу ҳордиқ онлари фарзандларимизнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишлари ва соғлом, руҳан тетик бўлишларига хизмат қилади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА