
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, жиноятдан жабрланган болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш, болаларни жиноят процессига гувоҳ сифатида жалб этишда уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш тизимини такомиллаштириш талаб этилади.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига болаларни жинсий зўравонликлардан ҳимоялаш, болалар тасвирланган порнографик маҳсулотларни сақлаганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Ушбу ҳаракатларни 1 йилда такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш кўзда тутилмоқда. Порнографик маҳсулотларни тарқатганлик учун 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланмоқда.

Вояга етмаган шахснинг қонуний вакили институти жорий қилинмоқда. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳларни сўроқ қилиш муддатларини аниқ белгиловчи ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини бир кунда сўроқ қилиш давомийлиги унинг ёши ва ҳолатидан келиб чиқиб белгиланиши назарда тутилмоқда. Бу БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсияларига асосан белгиланмоқда.
Шунингдек, алимент тўламасдан жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг реестрини юритиш масаласи ўз аксини топмоқда.
Қайд этилдики, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болалар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга, шунингдек, уларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА