Ўзбекистонда халқаро иқтисодий ҳамкорлик ва иқтисодий дипломатияни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизга йирик хорижий сармоядорлар қизиқиши сезиларли даражада ошмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги “Yunusabad Gallery” савдо марказида Европанинг етакчи кийим-кечак ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо компанияларидан бири – Польшанинг “LPP S.A.” компаниясига тегишли “Sinsay” брендининг Ўзбекистондаги биринчи дўкони тантанали очилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси томонидан иқтисодий дипломатияни ривожлантириш, Европанинг йирик брендларини мамлакатимизга жалб этиш мақсадида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Маълумот ўрнида, “LPP S.A.” компанияси 1991 йилда Польшада ташкил этилган бўлиб, ҳозирда бешта таниқли бренд – Reserved, Cropp, House, Mohito ва Sinsay орқали дунё бўйлаб 40 дан ортиқ мамлакатда 2000 тадан зиёд дўконга эга. Компания дўконлари Германия, Чехия, Венгрия, Болгария, Саудия Арабистони, БАА, Миср, Қозоғистон, Грузия каби давлатларда фаолият юритади.
Компаниянинг Халқаро бизнес бўйича директори Томас Косзаранинг таъкидлашича, Ўзбекистон “LPP S.A.” кенгайиш стратегиясида муҳим ўрин эгаллайди.

– Ўзбекистон улкан демографик салоҳиятга эга. Мамлакатда халқаро компаниялар учун қулай ва барқарор бизнес муҳити яратилмоқда. Бу эса бизга катта ишонч бағишлайди ва мамлакатингизга инвестиция киритишимизга туртки беради, – деди мутахассис.
2025 йилда “LPP S.A.” томонидан Ўзбекистонга умумий ҳажми 67 миллиард сўм бўлган тўғридан-тўғри сармоя йўналтирилган. Ҳозирда компаниянинг юртимиздаги ваколатхонасида 30 дан зиёд маҳаллий мутахассис доимий иш ўрнига эга. Бу эса янги иш ўринларини яратиш ва халқаро тажрибани олиб киришда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ташаббуси билан “LPP S.A.” компанияси ва юртимиз тўқимачилик саноати вакиллари ўртасида ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилмоқда. Маҳаллий корхоналар билан қўшма ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.
Компаниянинг келгуси режалари ҳақида сўз юритар экан, Томас Косзара 2025 йил якунига қадар Ўзбекистондаги сармоялар ҳажми 10 миллион долларга етказилиши, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудида 20 тадан зиёд дўкон очиш кўзда тутилганини маълум қилди.
Мазкур лойиҳа нафақат истеъмол бозорида рақобат муҳитини яхшилаш, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро стандартларга мос фаолият юритишга рағбатлантиради.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Нишонбой АБДУВОИТОВ (фото), ЎзА