Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Покистон: тарих, иқтисод ва минтақавий боғлиқлик чорраҳасида

Покистон Жанубий Осиёдаги улкан иқтисодий салоҳиятга эга давлатлардан бири. У ғарбда Афғонистон ва Эрон, шимолда Хитой, шарқда Ҳиндистон билан чегарадош, жанубда эса Араб денгизига туташган. Мамлакат Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё чорраҳасида, муҳим денгиз йўллари яқинида жойлашган.

Таъкидланишича, “Покистон” атамаси 1933 йилда Кембриж университети талабаси Раҳмат Али томонидан муомалага киритилган бўлиб, урду ва форс тилларида бу сўз “Мусаффо замин” деган маънони англатади. Статистикага кўра, мазкур ўлка дунё бўйлаб аҳолиси энг кўп давлатлар рўйхатида бешинчи ўринни эгаллайди.

Ушбу мамлакат дунёдаги энг катта темир йўллардан бири бўлган Қароқурум йўлига эга бўлиб, у Покистонни Хитой билан Қароқурум тоғлар орқали боғлайди. Дунёдаги энг қадимий шаҳар маданиятларидан бири бўлган Ҳинд водийси цивилизацияси ҳозирги Покистон ҳудудида жойлашган, “Моҳенжодаро” каби археологик жойларда ривожланган шаҳарсозликни тасдиқлайдиган маълумотлар топилган.

Маълумотларга кўра, ушбу давлат дунёдаги энг йирик ирригация тизимларидан бирига эга бўлиб, бу тизим асосан Ҳинд дарёси тизимига асосланган дамбалар ва каналлар орқали қурилган. Қолаверса, Покистон дунёдаги иккинчи йирик туз конига эга бўлиб, “Хевра” туз кони ҳар йили тахминан 387 минг тоннадан ортиқ туз ишлаб чиқаради ва бу ҳудуд машҳур туристик жой ҳам ҳисобланади.

Қайд этиш керакки, урду ва панжоб шеърияти мамлакатнинг интеллектуал тарихида муҳим ўрин тутади. Аллома Иқбол ва Файз Аҳмад Файз каби машҳур шоирлар ўлка адабий меросига катта таъсир кўрсатган.

Эътиборли жиҳати, Бобурийлар сулоласи давомчиси ҳисобланмиш Шоҳ Жаҳон Ҳиндистонда “Тож маҳал”ни қурдиришдан ташқари, Покистондаги Лаҳор қалъаси ва Шолимар боғларини ҳам барпо эттирган. 

Қизиқарли фактлардан яна бири – Покистон дунёдаги энг йирик текстиль ва кийим ишлаб чиқарувчи мамлакатлардан бири ҳисобланиб, тўқимачилик саноати мамлакат экспортининг асосий қисмини ташкил қилади. Республиканинг энг йирик шаҳри Карачи дунёдаги аҳоли сони бўйича 12-ўринда туради ва у “Ёруғлик шаҳри” деб ном олган. 

Маълумки, Марказий Осиё географик жойлашувига кўра океан ва денгиз савдо йўлларига тўғридан-тўғри чиқиш имкони бўлмаган минтақа ҳисобланади. Экспертлар фикрича, расмий Исломобод Марказий Осиё давлатларининг ташқи транспорт-коммуникация коридорларига бўлган эҳтиёжини яхши англайди ва ушбу омилдан ўз иқтисодий манфатларини кўзлаган ҳолда фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

Хусусан, Покистон томони Марказий Осиё давлатлари билан мулоқотларда ўзининг Гвадар ва Карачи портлари имкониятлари юқорилиги ҳамда мазкур минтақа мамлакатлари улардан фойдаланишлари мумкинлиги ҳақида кўп бора таъкидлаб келади. Бироқ Марказий Осиё мамлакатларини ушбу портларга тўғридан-тўғри олиб чиқувчи қуруқлик йўллари мавжуд эмаслиги ҳозирча бундай имкониятни бермаяпти. Ушбу вазиятни бартараф этиш мақсадида Покистон ҳукумати Жанубий ва Марказий Осиё ҳамда Хитой билан боғланишга хизмат қилувчи бир қатор лойиҳаларни ишга туширяпти. 

Ҳозирда сиёсий доираларда Покистоннинг Пешовар шаҳри ва Афғонистоннинг Қобул шаҳарларини боғлаб турувчи автойўл лойиҳаси устида ишлар олиб борилмоқда. Ушбу йўл Покистонга Қобул орқали Марказий Осиёга боғланиш имконини бериши мумкин.

Покистон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб, яъни 1991 йил 20 декабрда тан олди. 1992 йил 10 майда дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши икки томонлама ҳамкорликда янги уфқларни очди. 

Ҳозирги кунда мамлакатимиз Покистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ип-калава, кимёвий товарлар ва транспорт хизматларини экспорт қилаётган бўлса, Покистон эса бизга фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат ва енгил саноат маҳсулотларини етказиб бермоқда. 

Биламизки, транспорт-логистика ҳамкорлигини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Шунинг учун Ўзбекистон Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу эса ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очмоқда. Айтиш ўринлики, Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон уч томонлама форматида амалга оширилаётган Трансафғон темир йўли ҳамкорликнинг муҳим лойиҳасидир. 

Умуман олганда, минтақавий хавфсизлик ва логистика архитектураси трансформацияси шароитида Ўзбекистон–Покистон ҳамкорлиги тизимли аҳамият касб этиб, икки мамлакатни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги муҳим боғловчи бўғин сифатида намоён этмоқда.

Гўзал Сатторова, ЎзА