Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида “Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа пиротехника буюмлари муомаласини тартибга солишга қаратилган.
— Сўнгги пайтларда пиротехника буюмларини мамлакатимизга қонунга хилоф равишда олиб кириш, ноқонуний реализация қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳолатлари кўпаймоқда, — деди фракция аъзоси Жуманазар Отажонов. — Бу эса фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги ва тартибига, ёнғин ҳамда бошқа фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқишига юқори даражада таҳдид туғдиради. Қонун лойиҳаси эса пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назорати ва таъсир чораларининг самарадорлигини ошириш, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ундан жабрланиш ҳолатларини бартараф этишга ҳуқуқий асос яратади.

Муҳокамаларда қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор саволлар кўтарилди, таклиф ва тавсиялар билдирилди. Белгиланаётган нормалар ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди. Савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА