Бухоро вилоятидаги турдош корхоналарда йилига 2 минг 145 тонна пилла хомашёси қайта ишланади. Биргина Вобкент туманида бу борада жорий йил пилла мавсумида ҳудуддаги инкубаторияларда 5 минг 977 қути ипак қурти жонлантирилади. Фермер хўжаликлари ва касаначилар билан баҳорги мавсумда 360 тоннадан ошириб пилла етиштириш учун шартномалар тузилган.
– Кўзга илинмайдиган майда қуртнинг ривожланиб, оппоқ ва сифатли пилла ўрагунича бўлган даврда мунтазам озуқа етказиб бериш масъулиятли иш ҳисобланади, – дейди Хўжарабод маҳалласида яшовчи тажрибали пиллакор Қумри Ражабова. – Шу боис, туманда тут плантацияларини кенгайтириш, мавжуд тутзорларни талаб даражасида сақлаш, кўчатлар экиш ва парваришлашга эътибор қаратилмоқда.


Ҳозирги кунда туманда мавжуд тутзор ҳажми 366 гектарни ташкил этмоқда. “Кумушкент ипаги” МЧЖ балансига ўтказилган тутзорларни янгилаш учун қиш-баҳор мавсумида 14,8 гектар ер реконструкция қилиниб, 74 минг туп тут кўчати ўтқазилди. Айни пайтда пилла мавсуми пухта тайёргарлик асосида бошланган.

– Пиллани қайта ишлаш корхонаси томонидан мавсум олдидан 14 та ҳудудда ипак қурти уруғларини жонлантириш инкубаторийси ишга туширилган. Йилнинг илк ҳосили учун жадал ҳаракатни бошлаган пиллакорлар иш унумдорлигига эришиш чоралари кўрмоқда. Жумладан, корхона томонидан касаначилар учун ҳар бир хонадонга сунъий дасталар етказиб бериш йўлга қўйилмоқда. Ипак қурти парваришлайдиган оилавий звеноларнинг ҳар бирига моддий рағбат тариқасида 500 минг сўмдан тақдим қилинмоқда, – дейди “Кумушкент ипаги” МЧЖ раҳбари Бекзод Ҳожиев.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.