Пекиннинг шимолий чекка ҳудудларида кузатилган кучли ёмғирлар камида 30 кишининг ҳаётига зомин бўлди, минглаб одамлар эвакуация қилинди.
“CNN” хабарига кўра, йирик сув тошқинлари йўлларни ҳам ювиб кетган, кўплаб қишлоқлар электрсиз қолиб, кўчалар “дарё”га айланган.

Энг кўп зарар кўрган ҳудуд ярим миллион аҳолига эга Миюн тумани бўлиб, у ерда 28 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Яна 2 киши Янкинг туманида вафот этди. Пекинда қисқа вақт ичида 543 мм гача ёғингарчилик кузатилди, бу шаҳар йилига тушадиган ўртача ёғиннинг деярли ярмига тенг.

ХХР раҳбари Си Цзиньпин барча кучларни қутқарув ишларига сафарбар қилишга чақирди. Ҳозиргача 80 мингдан ортиқ одам хавфсиз ҳудудларга кўчирилди.
Қутқарувчилар қайиқлар ва махсус техника ёрдамида одамларни эвакуация қилмоқда. Баъзи маҳаллий фуқаролар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ўнлаб одамларни қутқаришга муваффақ бўлишди.

Пекин икки йил ичида иккинчи марта шундай йирик сув тошқинларига дуч келди. 2023 йилда шаҳарда сўнгги 140 йилдаги энг кучли ёғингарчилик кузатилиб, 33 киши ҳалок бўлганди.
Мусулмон Зиё, ЎзА