Сифатли таълим юқори малакали ва маҳоратли педагогларга боғлиқ. Шундай экан, таълим ташкилотларидаги раҳбар ва педагог кадрларнинг малакасини бугунги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда бойитиб бориш долзарб аҳамиятга эга.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида 10 минг 146 та умумий ўрта таълим мактаби, 6 минг 817 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларда 538 мингдан зиёд ўқитувчи ва 120 минг 320 нафар тарбиячи фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг 15 минг 506 нафар ва нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг 14 минг 834 нафар педагог ходимлари мавжуд.

Вазирлик томонидан барча педагог ходимларни малака оширишга жалб қилиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, шу йилнинг ўтган даврида 893 нафар мактабгача таълим ташкилоти директори, 380 нафар директорликка номзодлар менежерлик ўқув курсларида ўқитилган. Январь-июнь ойларида эса 107 нафар педагог ходим хорижий таълим муассасаларида малака оширган ва стажировкада бўлган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Педагог ходимларнинг малакасини ошириш тизимини қонунчиликда мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар” мавзусидаги давра суҳбатида айтиб ўтилди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, таълим муассасаларида ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан малака оширишнинг 6 та шаклидан фойдаланиш, яъни ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олиш, масофавий таълим, дуал таълим, мустақил таълим ва муқобил шаклларда таълим олиш йўлга қўйилган. Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари педагог ходимларининг малака ошириш тизимида бир қатор инновациялар жорий этилган.

Шунингдек, давра суҳбатида олий ва касбий таълим ташкилотлари, академик лицей раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, бугунги кунда 6 та институт, 5 та минтақавий ва 16 та тармоқ муассасаларида олий ва касбий таълим ташкилотлари ҳамда академик лицей раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малака ошириб бориши йўлга қўйилган. Уларнинг малакасини ошириш тизими тўлиқ рақамлаштирилган. 2023-2025 йилларда 102 тадан ортиқ давлат олий таълим ташкилотларининг 26 минг 681 нафар раҳбар ва педагог кадрлари 223 та йўналишда малака ошириш курсларида ўқитилган.
Муҳокамаларда раҳбар ва педагог кадрлар малакасини оширишнинг ягона яхлит тартибини жорий этиш, соҳанинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш, шунингдек, ҳудудларда махсус фан ва ишлаб чиқариш таълим усталарининг малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА