Пайшанба – ёшлар билан мулоқот майдони
Мамлакатимизда ёшлар сиёсати давлат тараққиётининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил ва тизимли йўлга қўйилмоқда. Бугун ёшларнинг билим олиши, муносиб иш топиши, ташаббусларини рўёбга чиқариши учун яратилаётган имкониятлар нафақат ижтимоий сиёсатнинг, балки келажакка қаратилган стратегик ёндашувнинг муҳим ифодасидир. Шу маънода, Президент ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ёшлар билан учрашув куни” этиб белгилангани ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги, очиқ ва манзилли тизимини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Бу ташаббуснинг моҳияти – ёшларнинг дардини эшитиш, орзу-интилишларини англаш ва муаммоларни кабинетларда эмас, бевосита жойларда ҳал этишдан иборат. Шу боис юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам ҳар пайшанба ёшлар билан очиқ мулоқотлар, сайёр қабуллар ва манзилли учрашувлар изчил ташкил этилмоқда.

Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев бошчилигидаги раҳбарлар гуруҳи шаҳар ва туманларга чиқиб, маҳаллалар, мактаблар, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда олий таълим даргоҳларида ёшлар билан юзма-юз суҳбатлар ўтказмоқда. Бундай мулоқотларда вилоят, шаҳар ва туман раҳбарлари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этишиб, ёшлар билан ишлашдаги долзарб масалаларни жойида муҳокама қилишмоқда.
Учрашувларда аввало ёшлар бандлигини таъминлаш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликка қизиққан ёшларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Имтиёзли кредитлар ажратиш, бизнес ғояларни амалга оширишга кўмаклашиш, ишбилармон ёшларни рағбатлантириш борасида аниқ кўрсатмалар берилмоқда.

Шунингдек, ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, ахборот технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларини ошириши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар тақдим қилинмоқда. Хорижий тилларни ўрганиш, рақамли иқтисодиёт талабларига мос мутахассис бўлиб етишиш бугунги ёш авлод олдидаги муҳим вазифалар сифатида таъкидланмоқда.
Мулоқотлар давомида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт ва маданий тадбирларга кенг жалб қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлмоқда. Чунки ёшларнинг фаол, соғлом ва маънавий баркамол бўлиб улғайиши – жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувларда юзлаб ёшлар ўз таклиф ва мурожаатларини билдирмоқда. Айрим масалалар жойидаёқ ҳал этилса, маълум вақт талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат назоратга олиниб, унинг ижроси тегишли масъуллар зиммасига юкланмоқда.
Бундай мулоқотлар ёшларнинг муаммоларини ўз вақтида бартараф этиш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, бу ташаббус ёшларни жамият ҳаётида фаол иштирок этишга ундаб, мамлакат тараққиётига дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлаётир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари