Қизириқ туманида пахта йиғим-теримини самарали ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тумандаги "GTG AGRO" масъулияти чекланган жамияти пахта-тўқимачилик кластерининг пахтани қайта ишлаш корхонасида ташкил этилган тадбирда баҳорги ёғингарчилик нисбатан кам бўлиб, ёз об-ҳавоси иссиқ келган бу йилги шароитда ҳам вилоят пахтакорлари омилкорлик билан меҳнат қилиб, салмоқли ҳосил тўплагани қайд этилди. Пишиб, етилаётган хомашёни исроф қилмасдан териб-йиғиб олиш фермерлар ва пахта-тўқимачилик кластерлари зиммасига катта масъулият юклаши таъкидланди.

Жорий йил ҳосили учун воҳада 1 минг 945 фермер 62 минг 850 гектар майдонда ғўза парваришлаб, сифатли, мўл ҳосил етиштирди. Ҳосил салмоғини янада ошириш учун айни пайтда ҳам зарур агротехник тадбирлар уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Тадбирда теримолди агротехник тадбирларини, шу жумладан, ғўза дефолиациясини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, теримчилар учун зарур шароит яратиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди. Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий “FM WORLD 4MЗ-4” русумли пахта териш машинаси тақдимоти ўтказилди.

Бу йилги йиғим-терим мавсумида вилоятдаги пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари хорижда ишлаб чиқарилган 60 дона замонавий пахта териш машинасидан унумли фойдаланиб, ҳосилни тез ва сифатли йиғиб олишни мўлжалламоқда.
Семинарда Сурхондарё вилоят ҳокими У.Қосимов иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири