
Кейинги йилларда дунёдаги мавжуд кўп қоидалар ўзгариб кетгандай. Доимий амал қилган меъёрлар баъзан ишламаётганга ўхшайди.
Буни ер юзининг турли минтақаларида содир бўлаётган қуролли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқтисодий инқирозлар, “савдо урушлари”, терроризм ва экстремизм таҳдидлари тобора кучайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Бундай ўта мураккаб шароитда қандай йўл тутмоқ керак деган савол бот-бот ўртага чиқаверади.
Жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси очилишида нутқ сўзлар экан глобал дунёдаги шу каби масалаларга ҳам эътибор қаратди.
Дунёнинг эътибори ушбу нуфузли анжуманда бўлди. Экспертлар бу ерда билдирилаётган фикр, мулоҳаза ва ташаббуслар аҳамиятини юқори баҳолади.

Аслида ўз сафида бир юз саксон битта миллий парламент ва ўн бешта минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқнинг Ассамблеяси илк марта Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтаётганининг ўзи ҳам тарихий воқеа. Анжуманда бир юз қирққа яқин давлатдан икки мингдан ортиқ делегат қатнашгани унинг нуфузини яна бир бор намоён этди.
– Аввало, Ўзбекистон минтақада биринчилардан бўлиб ушбу анжуманга мезбонлик қилгани ва унинг муваффақиятли ўтаётганини эътироф этаман, – дейди Парламентлараро Иттифоқ Президенти Тулия Эксон хоним. – Шу ўринда, юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси самара бераётганини ҳам тилга олишимиз керак. Давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган барқарор, конструктив ҳамда прагматик ташқи сиёсат минтақа тараққиётига ҳам хизмат қилаётганини таъкидлашим лозим. Анжуман доирасида муҳокама қилинган масалалар муҳим аҳамиятга эга. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар халқаро ҳамжамиятнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда жуда муҳим. Ўзбекистоннинг билдирган таклиф ва ташаббуслари Парламентлараро Иттифоқнинг Стратегияси мақсадларига мос. Ижтимоий адолатни таъминлаш ва демократик қадриятларни олдинги суришда бу каби мулоқотлар муҳим аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбари Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси очилишидаги нутқида дунёдаги ҳеч бир давлат ва жамият фақат кўплаб қонун ёки қарорлар қабул қилиш билан ривожлана олмаслигига эътибор қаратди. Бунинг учун барча бу йўлда бирлашиб, қонун ижодкорлиги руҳини кучайтириб, бор билим ва тажрибани ягона мақсад сари сафарбар этиш орқали умумий мақсадга эриша олиш мумкинлигини таъкидлади.
Ассамблея доирасида ўтган етмишга яқин турли тадбир ва дебатларда парламентлар олдида турган энг асосий вазифалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Истиқболли режаларга кўпроқ эътибор қаратилди.
Бу каби йирик халқаро анжуман ва форумларга мезбонлик қилиш, уни юқори савияда ўтказиш Ўзбекистоннинг дунёга очилиб, ташқи сиёсатдаги фаоллигини намоён қилмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ, Отабек МИРСОАТОВ(сурат), ЎзА