
Шу йил 5-9 апрель кунлари илк бор Ўзбекистонда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ўтказилади. Ушбу халқаро анжуман нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда биринчи марта ташкил этилаётгани билан эътиборга молик.
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим тарихий воқелик сифатида эътироф этилаётган ассамблеяда 200 га яқин мамлакат вакиллари, жаҳон парламентарийлари жам бўлади.
Парламент тадқиқотлари институти томонидан “Парламентлараро Иттифоқ: мақоми, стратегик вазифалари ва Ўзбекистон билан ҳамкорлиги“ номли рисола тайёрланди.
Мазкур рисолада Парламентлараро Иттифоқ фаолияти, унинг асосий йўналишлари, ташкилий тузилиши, стратегик мақсадлари ёритилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзолиги, ташкилот доирасидаги фаолияти, миллий парламентимизнинг иштирок даражаси ва ҳамкорлик орқали эришилаётган натижалари таҳлил қилинган. Рисола нуфузли ташкилотнинг фаолияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш ва яқиндан тушунишга ёрдам беради.
Парламентлараро Иттифоқ ассамблеясида инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, ёшларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни камайтириш, ижтимоий ҳимоя ва инклюзия, муносиб меҳнат, гендер тенглик, илм-фан, технология каби муҳим масалалар муҳокама қилинади. Шунингдек, иқлим ўзгариши, аёллар саломатлиги ва парламент дипломатиясига бағишланган семинарлар режалаштирилган.
Мазкур нуфузли анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизда амалга ошираётган туб ислоҳотлар, ташқи сиёсатга бўлган халқаро ишонч ва эътирофнинг ёрқин ифодасидир.
М.Комилова, ЎзА