
Ўзбекистоннинг Парламентлараро Иттифоқ билан доимий ҳамкорлиги, Тошкентда ўтказиладиган 150-ассамблея дастури, тадбирга доир режалар ва янги лойиҳалар муҳокама қилинди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева Парламентлараро Иттифоқ Президенти Тулия Эксон билан ассамблеяни янада самарали ўтказиш бўйича фикр алмашди.
Қабул қилинадиган Тошкент декларацияси Парламентлараро Иттифоқ учун янги “йўл харитаси”ни белгилаб, у ижтимоий тараққиётга қаратилган муҳим ташаббусларнинг амалга оширилишига асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
***
Араб парламенти Раиси Муҳаммад Аҳмад Ал-Ямаҳ билан учрашувда Ўзбекистон парламентининг араб давлатлари парламентлари билан муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш, аввало, қонун ижодкорлиги, парламент назорати, парламентларнинг қўмиталари ўртасида мунтазам мулоқотни фаоллаштириш ва ўзаро ташрифларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, аёл етакчилар учун алоҳида форум ўтказиш, Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Араб парламенти ўртасида англашув меморандумини имзолаш, дўстлик гуруҳини ташкил этиш ҳамда ижтимоий соҳада лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида биргаликда ишлашга келишиб олинди.

***
Таиланд Миллий ассамблеяси Президенти ва Вакиллар палатаси Спикери Ван Муҳаммад Нур Матҳа билан учрашувда Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик ҳамда қонунчилик соҳасидаги муносабатлар муҳокама қилинди.
Ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, икки мамлакат парламентлари ўртасида доимий алоқа ўрнатиш, дўстлик гуруҳларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳасидаги қонунчилик амалиёти билан тажриба алмашиш каби муҳим йўналишлар белгилаб олинди.
Икки мамлакат парламентлараро алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича қўшма ташаббуслар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА