Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бунинг амалий натижалари ҳар бир соҳада ўз аксини топаётир. Илму маърифатли, зиёли, зукко ўзбек аёл-қизлари ҳам оилада, ҳам жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб, мамлакат ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилдора Камолова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
— Бугунги кунда ҳар бир соҳада хотин-қизларнинг фаоллиги ошиб бормоқда. Жумладан, сиёсий соҳада ҳам аёлларимизнинг ёрқин фаоллиги кўзга ташланмоқда. Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, сиёсий партиялар томонидан депутатликка тақдим этиладиган номзодларнинг 40 фоизи аёллардан иборат бўлиши белгилаб қўйилди. Бунинг натижасида 2024 йилги сайлов якунларига кўра, Қонунчилик палатасидаги депутатларнинг 38 фоизини аёллар ташкил этди.
Сиёсий соҳада аёлларнинг улуши ортиб бораётгани Ўзбекистоннинг биринчи маротаба айнан аёлларнинг сиёсий соҳадаги фаоллиги бўйича ўртадан юқори поғонага кўтарилишига сабаб бўлди. Бу, албатта, бизга ғурур бағишлайди. Чунки унча-мунча давлатда ҳам айнан сиёсий соҳадаги фаоллик масаласида тенг шароитлар яратилмаган.
Қонунларни қабул қилиш жараёнларида ҳам аёл депутатларимизнинг фаоллиги ошиб бораётгани қувонарли. Шунингдек, ҳар бир қонун ҳужжати гендер экспертизасидан ўтказилади. Яъни, ҳар бир ҳужжатда аёллар ҳуқуқларига қанчалик эътибор қаратилаётгани таҳлил қилинади.
Бундан ташқари, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, олима аёлларимизни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Миллат оналарининг, қизларининг саломатлиги ҳам доимий эътибор марказида бўлиб, бу йўналишда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/PF5Bl2rnK4w?si=WnxwjR5IbwOu8aIB" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Ойбек Давронов,
Анвар Аҳмедов (видео),
ЎзА