
Паркент туманидаги Қайилма маҳалласи ҳудудида 20 гектар майдонида замонавий аттракционлар билан жиҳозланган “Аквапарк” қурилиши лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир, Паркент туман ҳокими Сардор Исоқулов, вилоят бошқармаси раҳбарлари ҳамда ҳудуддаги фермерлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган тақдимотда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра Қайилма маҳалласининг Гулбоғ массивида барпо этиладиган “Аквапарк” ҳақида батафсил маълумот берилди.



Президентимизнинг ташаббуси билан амалга ошириладиган мазкур лойиҳа қиймати 30 миллион доллар бўлиб, унда савдо дўконлари, амфитеатр, ёпиқ сузиш ҳавзаси, аттракционлар, декоратив қасрлар, меҳмонхона, сунъий тўлқинли сузиш ҳавзаси, фавворалар, автотураргоҳ барпо этилади. Йилига 100 минг сайёҳни жалб қилиши кўзда тутилаётган мазкур лойиҳа 2026 йилнинг иккинчи чорагида ишга тушиши режалаштирилган. Бунинг натижасида туман аҳолисидан 500 нафар киши иш ўрнига эга бўлади.



Тадбирда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев “Аквапарк” қурилиши муносабати билан ҳудуддаги фермерларга компенсация пули тўланишини маълум қилди. Шу билан бирга, ушбу ҳудуддаги фермерларни рози қилиш, тўланадиган компенсация маблағлари қонунчиликка биноан, ўзаро келишув ва холис, адолатли баҳолашдан кейин ишлар бошланишини таъкидланди. Айни масалада вилоятнинг тегишли бошқарма ва идора раҳбарларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиши айтилди.
А.Мусаев, ЎзА