Бугун “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан қурилиш материаллари соҳасининг 2024 йил якунлари таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Илёс Раҳимов мазкур ташкилотнинг қурилиш материаллари соҳасида амалга оширган ишлари юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2024 йил якунида соҳа корхоналари томонидан 40 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ва ўсиш 112 фоизга етказилиши кутиляпти. Соҳанинг мамлакат саноатидаги улуши 5,1 фоизни ташкил этмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида 44 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 90 миллион квадрат метр гипсокартон, 17,8 миллион тонна цемент, 47 миллион квадрат метр керамик плитка, 3,36 миллион ўрам гулқоғоз каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилган.
[gallery-21023]
–Соҳа бўйича юқори иқтисодий ўсиш асосан "Azia metal prof" МЧЖ, “RWS optimum” МЧЖ, “Каракалпак цемент” МЧЖ, “Prime ceramics” МЧЖ, “Наманган цемент” МЧЖ каби йирик саноат корхоналарида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ҳисобига таъминланди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида “China energy international group Samarkand cement” МЧЖ, Андижон вилоятида “Shangfeng-bridge of friendship" МЧЖ каби корхоналарда янги қувватлар ишга туширилди. Соҳада 2,2 миллиард долларлик инвестициялар, шундан 1,4 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. Хусусан, Хоразм, Тошкент, Андижон, Самарқанд вилоятларида йирик инвестиция лойиҳалари татбиқ этилмоқда, –деди И.Раҳимов.
Тадбирда ушбу соҳада жорий йил якуни билан 815 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши таъкидланди. Бунда 227,3 миллион долларлик металл буюмлар, 68 миллион долларлик керамика, 125 миллион долларлик ПВХ профил, труба ва пластмасса, 53 миллион долларлик қуруқ қурилиш қоришмалари каби маҳсулотлар улушига тўғри келди. Эътиборлиси, экспорт қилинган қурилиш материаллари турларини 55 дан 65 тага оширишга эришилди. Экспорт географияси 51 давлатдан 58 тага етказилди.
Жорий йил Тожикистон давлатида савдо уйи ҳам очилди. Россия, Хитой, Қозоғистон, Афғонистон, АҚШ, Туркманистон каби давлатларда ташкил этилган халқаро кўргазмаларда маҳаллий тадбиркорлар ўз имкониятларини намойиш қилишга муяссар бўлди.
Таъкидлаш керакки, йил якуни билан уюшма корхоналари томонидан маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2 триллион 150 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган режа 107 фоизга бажарилди.
Матбуот анжумани доирасида “Йил сарҳисоби” тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Унда уюшманинг расмий телеграм ва фейсбук саҳифасида эълон қилинган ижтимоий сўровнома натижалари маълум қилинди.
Сўровнома натижаларига кўра, тадбирда "Йил бренди", "Йилнинг энг яхши экспортчи корхонаси", "Энг яхши цемент ишлаб чиқарувчи", "Харидорлар ишончини қозонган корхона" номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА