Фармон ва ижро
Панжара ортидаги ҳар бир лаҳза маҳкум қалбидаги соғинч ва азобларни чуқурлаштиради. Уларнинг ягона орзуси эркинликка тезроқ чиқиш, ҳаётни яна бир бор янги умид билан бошлашдир.
Жиноят учун жазо –қонун устуворлигини таъминлашда муҳим восита. Аммо бугунги ислоҳотларнинг асосий мақсади жазолаш эмас, инсонни тарбиялаш ва унга эътибор қаратишдир. Бу эса инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади ва давлат сиёсати даражасида катта аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 26 августда қабул қилинган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни афв этиш” тўғрисидаги фармон бунга яққол мисолдир. Фармон асосида Қарши шаҳридаги 2-сонли жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатидан илгари шартли равишда озодликка чиқарилган маҳкумлар ҳаётида янги саҳифа очилди.

– Бу жойга келишни хаёлимга ҳам олмаган эдим, — дейди афв этилганлардан бири Турғун Хидиров. - Бир тўғрам нонни оилам билан бирга еб, тинч ҳаёт кечириш — энг катта бахт. Адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолдим, бу учун жуда афсусдаман. Бу ерда ўтган беш йилнинг ҳар бир куни менга йиллардек туюлди. Оилам ва фарзандларим соғинчи ҳар дам мени синади. Қамалганимда кичкина фарзандим атига икки ойлик эди, ҳозир эса мени танимаслиги ҳам мумкин. Ёлланма ишчи бўлиб ишладим, соғинч азоби билан яшадим. Президентимиз бизга яна бир имконият берди. Энди бу йўлга қайтмай, ҳалол меҳнат қилиб, ёрқин келажак қуришга ваъда бераман. Бу хабарни эшитганимда қалбимдаги хурсандчиликни сўз билан баён этиб бўлмайди.
Фармон доирасида 14 нафар маҳкум муддатидан илгари шартли озодликка чиқарилди. 5 нафар маҳкумнинг жазоси енгиллаштирилиб, ахлоқ тузатиш жазосига алмаштирилди. 19 нафар маҳкумнинг жазоси қисқартирилди. Гиёҳвандлик савдоси учун қамалган шаҳрисабзлик Жамол Рустамов қарийб икки йиллик маҳкумликдан кейин озодликка чиқди.

Темир эшиклар ортидан озодликка чиққан маҳкумларнинг яқинлари, кўзларидаги соғинч ёшлари билан уларни кутиб олишди. Жамол Рустамовнинг афв этилиши ҳақидаги яхши хабар унинг оиласини бирлаштирди. Дийдорлашувда кўз ёшлар оқмаслиги мумкин эмас эди.

Жиноятининг моҳиятини тушуниб, хатоларидан сабоқ олган Жамол аканинг панжара ортидаги ҳаёти уни тўғри йўлга қайтаргани унинг кўзларида очиқ акс этган эди.
– Жиноят инсонни ботқоққа солади, – дейди Жамол Рустамов. – Эл олдида уят бўлади. Касаллигимни даволаш ўрнига нотўғри йўлга кириб қолдим. Шу йўлда севинч топаман, деган умидда эдим, аммо бу менга фақат азоб бўлди. Ҳозир жабрини ўтказяпман. Обрўмни йўқотдим, тўйларим ҳам бекор бўлди. Невараларимни, болаларимни жуда соғинаман. 57 ёшдаман, жиноятчи деган тамға келажагимда қолмаса эди. Президентимиздан миннатдорман, уларга соғлиқ-саломатлик тилайман. Ҳаммадан узр сўрайман. Бу тақдирни ҳеч кимга тиламайман.

Аслида, жиноят содир этган шахс эмас, балки унинг яқинлари жавобгарликнинг оғирлигини кўпроқ ҳис қилади. Ўз хатоларини англаган бу юртдошларимиз учун энг тўғри йўл ишончни оқлаш ва жамиятга фойда келтиришдир. Ана шу йўл орқали улар ўзларини намунали инсонлар қаторида кўрсатишлари мумкин.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири