Президентимизнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати, бой тажрибаси билан бугунги туб ислоҳотларда фаол қатнашиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ фаол хотин-қизлар давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.
Тақдирланганлар қаторида Сурхондарё вилояти Денов туманидаги 1-оилавий болалар уйи раҳбари Озода Жўраева ҳам бор. Озода Жўраева “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

– Тақдирланганлар орасида ўз исм-фамилиямни кўриб, ҳаяжонландим, – дейди Озода Жўраева. – Президентимиз мукофотни топширар экан, "Сиз бугуннинг қаҳрамон онасисиз. 10 нафар болани ўз қарамоғига олиб боқиб олиш катта жасорат” дедилар.
Мен иккинчи гуруҳ ногирониман. Ёлғиз онаман. Фарзанд асраб олиш таклифи билан чиққанимда рости жуда хавотирда эдим. Оилавий болалар уйи очишимга рухсат берилармикин, деган ҳадик бор эди. Менга 10 нафар боланинг тақдири ишониб топширилганидан, шу болаларга оналик қилишга ишонч билдирилганидан жудаям миннатдорман.

Аслида болалар менинг жону-дилим. Ўзимнинг ҳам 15-14 ва 7 ёшли ўғилларим бор. Токи оилавий болалар уйини ташкил этгунимга қадар ҳам узоқ юртларга кетган мусофир қариндошларимизнинг, яқин қўни-қўшниларимнинг 60 нафарча фарзандларини ойлаб, ҳатто йиллаб парвариш қилганман. 90 нафарга яқин ўзгалар парваришига муҳтож кексаларга хизмат кўрсатганман. Бу ишлар менинг севимли машғулотимга айланган. Мен болалар ва кексалар даврасида дам оламан.
2021 йил 1 августда Денов тумани 1-оилавий болалар уйини ташкил этдим. Беш йиллик фаолиятим давомида уч нафар болам юртимиздаги энг нуфузли университетларга ўқишга кирди. Яна икки нафа фарзандим талаба бўлишга ҳозирлик кўрмоқда.
– 10 нафар бола – 10 хил феъл-атвор, ўсмирлик даври муаммолари. Озода опа, сиз бу каби машаққатли босқичлардан қандай ўтдингиз?
–Ҳар бир боланинг ўз дунёси бор. Ўсмирлик — бу болаликдан катталикка ўтиш даври. Демак, улар билан муносабатда энди янаям эҳтиёткор бўлишни англадим. Мени хурсанд қилган томони, улар ҳар бир масалада менга суянишади. Уларнинг энг яқин сирдоши ўзимман. Болаларимнинг бир-бирига меҳрларини кўриб жуда қувонаман. Улар ҳатто бир-бирлари билан тортишса ҳам акамсизку, опамсизку дея эркалашлари юрагимни завққа тўлдиради.

Баъзида олдимга Хотин-қизлар реабилитацияси марказларида даволанаётган қизларни олиб келишади. Ўзингиз суҳбат қилиб кўринг, дея илтимос қилишади. Тарбияси оғир, агрессив болалар одатда ўз ҳис-туйғуларини тўғри ифода эта олмайди. Шу сабабли улар билан ишлашда ўта эҳтиёткор, сабрли бўлиш лозим. Самимий муносабат, хулқ-атворни тузатиш, ҳамда шу каби бир қанча усуллардан фойдаланиш мумкин. Уларнинг аксарияти менинг хонадонимда қолиш истагини билдиришади. Ҳозирги замон ўсмирларида ўз ҳаёти ва оиласидан қониқмаслик ҳисси анча ошиб кетган. Бу ҳолат ўсмирларнинг жиддий стрессга учрашига сабаб бўлади. Мен ҳар бир ҳолатни ҳисобга оламан. Уларнинг руҳий ҳолатини бир дақиқа ҳам назоратсиз қолдирмайман.

Тарбия методикасини мунтазам ўрганиб бораман. Бу болалар уйини ташкил қилаётганимда мендан келажакда қийналиб қолмайсизми, дея сўрашган. Шунда мен ортимда Президентим турибди, мен нимадан ташвишланишим керак, дея ишонч билан жавоб қайтарганман.

Мен тадбиркорлик фаолиятимни ҳам йўлга қўйганман. Эски бир мактабнинг фойдаланилмаётган хоналарида кичкина тадбиркорлик цехини ташкил қилганман. У ерда маҳалла аҳолиси учун иссиқ нонлар тайёрлаб, сотувга чиқарамиз. Фарзандларим бўш вақтларида менга ёрдам беришади.
Келгусида кексаларни парваришлаш хизматларини ташкил қилмоқчиман. Шундай маскан бўлсинки, у ерда ҳаёт остонасида турган ёшлар ўзларига зарур маслаҳатларни олишсин, кексаларнинг панду-насиҳатларини тинглашсин.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА