ЎзЛиДеП Навоий вилояти ҳудудий партия ташкилоти ташаббуси билан “Ёш тадбиркорга ЎзЛиДеП мададкор” лойиҳаси доирасида Навоий шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Xovandamir Holding” МЧЖга бизнес тур ташкил этилди.
Унда тадбиркорлик соҳасига қизиқиши бўлган ёшлар иштирок этиб, уларга тадбиркорлик сир-асрорлари, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбир давомида “Xovandamir Holding” МЧЖ раҳбари Ҳусниддин Ғаффоров корхона фаолияти, бу ердаги жараёнлар, ёшлар учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди.
“Xovandamir Holding” МЧЖда “Муҳташам” бренди остида замонавий эшик ва ромлар ишлаб чиқарилади.

– 2016 йилда фаолиятимизни 3 киши билан бошлагандик, – дейди МЧЖ директори Ҳусниддин Ғаффоров. – Дастлаб ижарада туриб ишлаган бўлсак, бугун ўзимизнинг замонавий жиҳозланган биномиз бор. Айни пайтда 100 нафарга яқин киши иш билан таъминланган. Фабрикамизда 50 турдаги ҳар хил кўринишдаги эшик ва 80 турга яқин турли мебеллар ишлаб чиқарилади. Хом ашёни Туркия, Россия давлатларидан олиб келамиз. Маҳсулотларимиз ички бозорда сотилмоқда. Шунингдек, қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.

Тадбир якунида партиянинг янги аъзоларига гувоҳномалар топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири