Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ташаббуси билан Қоракўл туманида “Тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳуқуқий ёрдам” акцияси доирасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида ҳамкор ташкилотларнинг масъуллари акция муносабати билан амалга оширадиган ишлари хусусида сўз юритди. Жумладан, адлия идоралари малакали ҳуқуқшуносларни жалб этган ҳолда тадбиркор, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари орасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борадиган бўлди.
Туман солиқ бўлими масъуллари томонидан тадбиркор ва фермерлар учун белгиланган имтиёз ва енгилликлар соҳа ходимларига атрофлича тушунтирилди.

Шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва Фермерлар Кенгаши туман бўлимлари масъул ходимларининг партиявий акция доирасидаги асосий вазифалар ҳам мулоқот иштирокчиларига батафсил тушунтирилди.
Умуман 2025 йил охиригача ижроси таъминланадиган тадбиркор, фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлашга эришиш учун туман миқёсида етарли имкониятлар борлиги мулоқот ташкилотчилари томонидан маълум қилинди.

Туманнинг “Эски Қалъа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ЯТТ раҳбари, “Онда-Ҳасан” сервис МЧЖ раҳбари Лутфилло Ондаев мулоқот ташкилотчиларига мурожаат этиб, “Янги Ўзбекистон” массивида қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйлар учун бундан 6 ой олдин 16 фоизли 1 миллиард 940 миллион. сўмлик кредит маблағлари расмийлаштирилганлигини, бироқ шу кунгача ушбу масала ўз ижобий ечимини топмаётганини маълум қилди.
“Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ЯТТ Мақсуд Юсупов эса ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Халқ банки” туман филиалидан 14,0 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратишда молиявий ёрдам беришни сўради.
Тумандаги “Бебутобод”, “Бободеҳқон”, “Ражаб Ниёз” ва “Дорул шифо” агро фермер хўжаликлари раҳбарларини ташвишга солаётган масала ҳам тегишли масъуллар томонидан мулоқот давомида эътиборсиз қолдирилгани йўқ. Фермерлар мурожаатида айтилишича, суғориш насосларининг электр харажатларини иқтисод қилиш мақсадида қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган. Агробанкнинг туман бўлимидан 1,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратишга эҳтиёж сезилмоқда.
Тумандаги “Янгибозор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Бегойим Фарзона” МЧЖ масъуллари ҳам очиқ мулоқотда сўз олиб, корхонада электр таъминотининг талаб даражасида эмаслиги тайёр маҳсулотлар сифатига салбий таъсир кўрсатаётганлиги аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётганини айтиб ўтди.
ЎзЛиДеПнинг “Тадбиркорлар, фермер ва деҳқон хўжаликларига ҳуқуқий ёрдам” акцияси доирасида ўтказилган очиқ мулоқот давомида соҳа ходимлари томонидан билдирилган барча муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан алоқадор ташкилот ва муассасаларнинг мутасаддилари томонидан тегишли чора тадбирлар белгилаб олиниб амалга ошириладиган бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.