Сўнгги йилларда дунё бўйлаб кузатилаётган иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари, қурғоқчилик, ерларнинг шўрланиши фонида сайёрамиз аҳолисининг кундан-кунга кўпайиб бориши сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг ошишига сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Дунёда ҳукм сураётган турли геосиёсий вазиятлар эса озиқ-овқат маҳсулотларининг логистикасида ўзига яраша муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Ҳap биp coҳa pивoжини таъминловчи асосий нуқта хизмaт кўрсатишдир. Чунки қайси жабҳа ё тармоқда бўлмасин, ишлaб чиқapилгaн мaҳcулoтлар иcтeъмoлчигa тез ва сифатли eткaзилиши лозим.
Хўш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳага ривожланган давлатларнинг тажрибасини жорий этиш борасида Ўзбекистонда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
Соҳада татбиқ этилаётган инновацион лойиҳалар ўз самарасини беряптими?

Шу каби саволлар билан қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузуҳуровга мурожаат қилдик.
– Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини ва истеъмол рационини яхшилаш, талаб этиладиган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни таъминлаш аграр соҳанинг энг долзарб масаласи, – дейди Жамшид Абдузуҳуров. – Алоҳида қайд этишим лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан соҳага ривожланган давлатларнинг тажрибасини жорий этиш, қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган мустаҳкам ҳамкорлик муносабатларидан фойдаланган ҳолда агроҳамкорликни кучайтириш орқали Марказий Осиё минтақасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Энг аввало чекка ҳудудлар ва қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ошириш, деҳқончилик маданиятини юксалтириш борасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан пухта ўйланган дастурлар асосида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бунда аграр соҳа тараққий этган ривожланган давлатларнинг тажрибасини ўрганиш, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорлик қилиш аҳамиятли. Ўзбекистон аграр тармоғини ривожлантириш, чекка ҳудудларда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган грант дастурлар ва халқаро лойиҳалар бугун кўзланган натижаларни бермоқда.
Иш унуми сифатли уруғларни яратишга боғлиқ. Шу боис, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти ва Туркиянинг “Eastern Mediterranean Agricultural Research Institute” ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида ҳозирги кунда дуккакли ва мойли экинлар уруғчилигини ташкил этиш бўйича 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги халқаро грант лойиҳаси тайёрланмоқда.
Шунингдек, Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида 4 та халқаро, шундан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – FAO билан ҳамкорликда 110 миллион сўмлик ва UNDPPнинг халқаро дастурлари доирасида жами 1,350 миллиард сўмлик 3 та инновацион лойиҳа молиялаштирилиб, ҳозирги кунда амалга оширилмоқда.
Ҳар бир соҳа ривожи малакали кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Кези келганда айтиб ўтиш керак, аграр соҳага илм-фан ютуқлари ва илғор технологияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, мамлакатимиз иқлим ва тупроқ шароитига ҳар томонлама мос келувчи экинлар навларини яратиш устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022 йилда Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилди. Ушбу университет Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети томонидан таъсис этиладиган тўлиқ академик ва молиявий мустақил бўлган давлат иштирокидаги олий таълим муассасаси ҳисобланади. Айни пайтда университетда ақлли қишлоқ хўжалиги, агрономия, биотехнология, агроиқтисодиёт, агрологистика, озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишларида мутахассислар тайёрланмоқда.
Бундан ташқари Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти томонидан ICARDA ташкилотининг 450 миллион сўмлик ва UNDPPнинг халқаро дастурлари доирасида 2 та 1 миллиард сўмлик, шунингдек, Халқаро картошкачилик маркази (CIP) билан 1 та 600 миллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти эса Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган БМТ Тараққиёт дастурининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликдаги “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг “яшил иқтисодиёт”га инклюзив ўтишини қўллаб қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш”нинг умумий қиймати 450 миллион сўмлик лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳага кўра, Тошкент вилояти шароитида токнинг пайвандтаг ва пайвандустларини in-vitro шароитида кўпайтириш ва кўчат етиштириш технологиясини жорий этиш ишлари амалга оширилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА