Маълумки, аграр ва сув хўжалиги тармоғи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларимиз ва дастурхонларимиз тўкинлигида муҳим ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда мазкур йўналиш ривожига устувор аҳамият қаратиб келинади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази ҳамкорлигида “Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги соҳасида белгиланган стратегик мақсадлар самарадорлигини ошириш масалалари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда марказ томонидан амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар кенг муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази фаолиятида халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини янада тараққий эттириш, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда янги лойиҳаларнинг молиялаштирилишига катта аҳамият қаратилмоқда.
Бундан ташқари, озиқ-овқат тақчиллигининг олдини олиш, етиштирилаётган маҳсулотларнинг сифат даражасини назорат қилиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Марказ томонидан олиб борилаётган лойиҳалар доирасида 2 млрд. доллар миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилган бўлиб, шундан ўзлаштирилган маблағ 1 млрд. 400 млн. долларни ташкил этган. Бу маблағлар озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасини институционал таҳлил қилишни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги соҳаларига замонавий технологияларни кенг жорий этиш, юқори қўшилган қийматли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, янги уруғ навларини яратиш каби йўналишларга сарфланган. Ушбу маблағлар ҳисобига 7,5 мингдан ортиқ лойиҳалар молиялаштирилиб, натижада 58 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган. Шунингдек, соҳадаги илмий текшириш институтларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 115 млн. доллар маблағ ажратилган.
М.Комилова, ЎзА