Сўнгги йилларда Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Давлатимиз томонидан тармоқни модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш бўйича изчил чоралар амалга оширилмоқда. Бу эса миллий иқтисодиётимиз барқарорлиги ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
– 2017-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш динамикаси таҳлили тармоқнинг барқарор ўсишини кўрсатмоқда. Мазкур даврда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 48,1 фоизга ошган, – дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассиси Латофат Бўриева. – Тармоқ ривожида инвестицияларнинг роли муҳим аҳамиятга эга. Агар 2017 йилда соҳага 231 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 674 млн. АҚШ долларига етган. Озиқ-овқат саноати миллий иқтисодиётга сезиларли ҳисса қўшмоқда. 2017-2024 йиллар давомида тармоқда бандлик даражаси 107,2 фоизга, корхоналар сони 110 фоизга, экспорт ҳажми эса 3,8 баробарга ошган. Хусусан, шу даврда колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш 53 фоизга, маргарин – 32 фоизга, буғдой уни – 27 фоизга, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 16 фоизга ўсган. Фақат 2024 йилнинг ўзида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг физик ҳажми 5,6 фоизга ўсган. Шу билан бирга, алоҳида таъкидлаш лозимки, тармоқда инвестициялардан самарали фойдаланиш ва капитал қайтимини ошириш имкониятлари мавжуд. Бу вазифани замонавий технологияларни жорий этиш, маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, миллий озиқ-овқат брендларини жаҳон бозорига чиқариш орқали амалга ошириш мумкин.
Юқоридаги кўрсаткичлардан маълум бўладики, Ўзбекистон озиқ-овқат саноати барқарор ўсиш траекториясида ҳаракат қилмоқда. Тармоққа йўналтирилаётган инвестициялар, илғор технологияларни жорий этиш ва сифат стандартларига риоя қилиш орқали ишлаб чиқариш ҳажми, бандлик даражаси ва экспорт салоҳияти тобора ошмоқда. Янги брендлар яратиш, халқаро бозорда миллий маҳсулотларни тарғиб қилиш эса мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА