Ўзбекистонда авиация соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, экологияга таъсирни камайтириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда миллий компаниялар ва дунёдаги етакчи корпорациялар ўртасидаги мулоқот ва қўшма лойиҳалар алоҳида аҳамият касб этади.
Шу ишлар доирасида куни кеча “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти раҳбарияти ва “Боинг” компанияси масъуллари ўртасида учрашув ўтказилди.
Унда икки компания ўртасидаги муносабатлар янги мазмун билан бойитилиши, амалга оширилаётган қўшма ташаббуслар доирасида инновацион ечимлар жорий этилиши таъкидланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи давомида “Uzbekistan Airways” ва “Боинг” компаниялари ўртасида имзоланган муҳим келишув Ўзбекистон авиация тармоғи ривожида янги саҳифа очгани қайд этилди.
Мулоқот жараёнида “Боинг” компанияси мутахассислари СО₂ чиқиндиларини аниқ ҳисоблаш ва уларни қисқартиришга мўлжалланган интерактив онлайн модел ҳақида маълумот тақдим этди. Бу дастур орқали чиқиндилар миқдорини мониторинг қилиш ва барқарор ечимларни ишлаб чиқиш имкони яратилади.
Шу билан бирга, меҳмонларга “Ўзбекнефтгаз” корхоналарида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган “Jet A-1” авиаёқилғи ҳамда “Uzbekistan GTL” билан ҳамкорликда тайёрланаётган ярим синтетик “Jet A-1 SSF” маҳсулоти ҳақида маълумот берилди. Ушбу турдаги ёқилғининг халқаро талабларга жавоб бериши ва экологик жиҳатдан устунлиги айтиб ўтилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, “Боинг” компанияси 2022 йил сентябрь ойида ярим синтетик “Jet A-1” ёқилғини тижорат парвозларида қўллаш учун расман тасдиқлаган эди. Бу эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини яна бир бор исботлайди.
Мулоқот давомида барқарор авиаёқилғи (SAF) ишлаб чиқариш йўналишидаги истиқболли лойиҳалар, шунингдек, SO₂ чиқиндиларини камайтириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича таҳлил этилди.
Шундан сўнг меҳмон томон “Ўзбекнефтгаз” АЖ амалга ошираётган илмий-техник ютуқларни халқаро майдонларда намойиш этиш ташаббуси билан чиқди.
Учрашув кунига кўра, томонлар ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишувга эришди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА