Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган “Siemens Energy” компанияси дунёдаги йирик энергия технологиялари ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. 2020 йили компания “Siemens AG” таркибидаги энергетика бўлими негизида мустақил ташкилот сифатида фаолият бошлаган.
Компаниянинг асосий фаолият йўналишлари электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлашга қаратилган технологиялар, газ ва буғ турбиналари, генераторлар, компрессорлар ҳамда насослар ишлаб чиқаришни ўз ичига олади. Шунингдек, турли саноат соҳалари учун энергия самарадорлигини оширишга қаратилган ечимлар ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этади. “Siemens Energy” компанияси яшил энергетика, қайта тикланувчи манбалар, водород технологиялари ва углеродсизлаштириш соҳаларида етакчи ўринни эгаллайди.

Ҳозирги кунда компания томонидан SGT-100, SGT-300, SGT-400 каби кичик ва ўрта қувватли, шунингдек, SGT-700, SGT-750 ва SGT-800 каби юқори самарадорликка эга саноат газтурбиналари ишлаб чиқарилмоқда. Компания дунё бўйлаб 90 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади ва 90 мингдан зиёд мутахассисни иш билан таъминлаган.
Яқинда Швециянинг Норчёпинг шаҳрида “Siemens Energy” томонидан ташкил этилган халқаро конференцияда “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари ҳам иштирок этди. Тадбир давомида компания ишлаб чиқараётган SGT туркумидаги газтурбиналари бўйича амалий тақдимотлар ўтказилди. Шу билан бирга, турбиналарни ишлаб чиқариш, йиғиш, синовдан ўтказиш ва таъмирлаш жараёнлари билан яқиндан танишиш имконияти яратилди.

Конференция доирасида “Siemens Energy” мутахассислари билан ҳамкорликда қатор муҳим масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур учрашув икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд турбиналардан самарали фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишда муҳим қадамдир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА